Қирғизистон ва Тожикистон келишиб олгани маълум қилинди

Олам

image
0:00
0:00
download
Уруғи СССРда сепилган муаммо: тожиклар ва қирғизлар нимани бўлишолмайди? north_east

Уруғи СССРда сепилган муаммо: тожиклар ва қирғизлар нимани бўлишолмайди?

Қирғизистон ва Тожикистон вакиллари 12 апрель куни икки давлат ҳарбий хизматчилари ўртасида қурол қўллаш билан боғлиқ можаро юзага келган чегаранинг умумий қисмида кескинликни юмшатиш бўйича чора-тадбирларни давом эттиришга келишиб олдилар. Бу ҳақда бугун, 14 апрель куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати маълум қилди. 

"Қирғизистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди. Қирғизистон делегациясига Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари – Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси директори Уларбек Шаршеев, Тожикистон делегациясига Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари – Чегара қўшинлари қўмондони Ражабали Раҳмонали раҳбарлик қилди”, дейилади хабарда. 

Қайд этилишича, учрашув чоғида чегарадаги можаролар вақтида чегарага жалб қилинган қўшимча куч ва воситаларни доимий жойлаштириш пунктларига олиб чиқишни давом эттириш ва ишчи гуруҳ тузиш, икки давлат чегара қўшинларининг ҳаракат йўналишларини аниқлаштириш бўйича ишларни олиб бориш юзасидан келишувларга эришилган.

Бундан ташқари, чегарадош ҳудудларнинг маҳаллий аҳолисига ердан биргаликда фойдаланиш ва сувдан фойдаланиш тартиби бўйича аввал эришилган келишувларга риоя этилиши юзасидан тушунтириш ишлари олиб боришга қарор қилинган. Қирғизистон ва Тожикистоннинг ушбу ҳудуддаги чегара вакилларига “чегара бўлимлари ҳарбий хизматчилари томонидан чегаранинг қирғиз-тожик участкасида чегара қўшинларининг ҳаракатланиш чизиғи талаблари аниқ бажарилишини” таъминлаш топширилган. 

“Давлат чегарасининг Қирғизистон-Тожикистон участкасидаги вазият нисбатан барқарор”, дейилади хабарда. 

Бишкек маълумотларига кўра, икки давлат чегарачилари ўртасидаги тўқнашув 12 апрель куни Қирғизистоннинг Боткен вилояти, Лейлек тумани Селкана қишлоғи ҳудудида тожик ҳарбийлари Қирғизистон ҳудудига 20 метр чуқурликда кириб келганидан сўнг бошланган. Кун давомида томонлар икки марта ўт очган. Бундан ташқари, Қирғизистон Тожикистон томонидан Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Достук қишлоғига миномётдан ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар берди. 13 апрелга ўтар кечаси томонлар қарама-қаршилик зонасидан қўшимча куч ва техникани олиб чиқишга келишиб олди. Қирғизистон томонида эса воқеа вақтида олти киши жароҳатланган.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 14 апрель куни Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров халққа мурожаат қилиб, ўз президентлик муддатининг охирига қадар чегара билан боғлиқ барма муаммоларни ҳал этишга ваъда берди.

Қирғиз-тожик чегарасидаги вазият

Қирғиз-тожик чегарасидаги навбатдаги кескинлашув январь ойининг охиридан бери давом этмоқда: ўшанда чегарачилар ўртасидаги отишмада тожикистонлик икки ҳарбий ҳалок бўлган, олти нафар ҳарбий яраланган, Қирғизистонда эса саккиз нафар ҳарбий яраланган.

Шундан сўнг Тожикистон ва Қирғизистон делегациялари чегарада ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ҳамда аввалроқ можаро жойига жалб қилинган қўшимча куч ва воситаларни олиб чиқишга келишиб олди. Шунга қарамай, чегарада вақти-вақти билан отишмалар давом этмоқда.

Сўнгги йилларда Тожикистон-Қирғизистон чегарасида қурол ишлатиш билан боғлиқ келишмовчиликлар бир неча бор содир бўлган. Охирги марта йирик тўқнашувлар ўтган йилнинг апрель ойи охирида юз берганди. Можарога сабаб баҳсли ҳудуд – “Головной” сув тақсимлаш пункти ёнига камералар ўрнатилгани бўлган. Натижада ҳар икки давлат ҳарбийлари аралашган.

Қирғизистоннинг 180 дан ортиқ фуқароси тўқнашувлар давомида жабр кўрган, деб хабар қилди республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги. 34 киши вафот этган. Тожикистон можаро қурбонлари ҳақида расмий маълумот бермади.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара узунлиги 970 км. Чегаранинг 460 километри бўйича келишувлар мавжуд эмас, шунинг учун ҳар иккала давлат ҳам у ёки бу участкага ўз даъволарини эълон қилганда, вақти-вақти билан низолар келиб чиқади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон-Тожикистон

Баҳолаганлар

17

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг