Тожик-қирғиз чегарасида вазият яна кескинлашиши мумкин – Душанбе
Олам
−
19 Октябрь 2022
6486Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Қирғизистон хавфсизлик кучлари янги провокациялар тайёрлаётганини эълон қилди.
Гап отишма позицияларини тайёрлаш, ҳарбий техникани тортиб келиш ва Тожикистон Республикаси ҳаво ҳудудини бузиш ҳақида бормоқда.
Хусусан, 26 сентябрдан 15 октябрга қадар Қирғизистон дронлари Исфара узра 13 марта учиб ўтган. 1 октябрь куни кечки пайт Кўк-Тош қишлоғидан зирҳли техникалар Лейлек тумани томон олиб борилган.
4-5 октябрь кунлари “Сарбанд” (“Головной”) сув тақсимлаш блокининг чап томонида зирҳли техника ва миномёт экипажларини жойлаштириш учун чуқурлиги 6 метргача бўлган бошпаналар барпо этилган.
7 октябрь куни Қирғизистон Республикаси махсус топшириқлар бўлинмасининг 15 нафар ходими чегара зонасига “Камаз”да етиб келиб, чегара постини ўрнатган.
13 октябрь куни охирги қўшма протоколга зид равишда ҳарбийлар томонидан Исфара-Ворух йўлида пост ўрнатилган, Мақсат қишлоғида 5 та мустаҳкам темир-бетон постлар жойлаштирилган.
Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида можаро
Қирғизистон ва Тожикистон чегарада сўнгги кескинлик жорий йилнинг сентябрь ойи ўрталарида кузатилди. 14 сентябрь куни Боткен вилоятидаги учта участкада чегарачилар ўртасида отишма бошланганидан кейин кескинлашди. Томонлар бир неча бор ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олганига қарамай, келишувлар ҳар сафар муваффақиятсизликка учради.
Қирғизистон расмийлари Тожикистонни чегарага оғир ҳарбий техникани тортиб келишда ва Қирғизистон ҳудудини ўққа тутишда “барча мавжуд арсеналдан” фойдаланганликда айблади. Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўқнашув зонасидан 136 минг киши эвакуация қилингани, Боткен вилоятида фавқулодда ҳолат режими жорий этилганини ҳақида маълум қилди.
Айни пайтда Тожикистон қирғиз кучларини Тожикистон чегарасидаги қатор аҳоли пунктларини “оғир қуроллардан” ўққа тутишда айблади. Ҳозирда икки давлат ўт очишни тўхтатиш ва қўшинларни чегара ҳудудидан олиб чиқиш бўйича келишувларга амал қилмоқда. Тўқнашувларни якунлаш учун Қирғизистон ва Тожикистон махсус хизматлари раҳбарлари протокол имзолади. Ҳужжат учта бандни ўз ичига олган.
Икки давлат чегарасида 70 га яқин баҳсли участкада белги қўйилмагани сабабли мунтазам равишда можаролар чиқиб туради. Умуман олганда, 2022 йил июль ойи ҳолатига кўра, мамлакат чегараларининг 972 километридан 600 километрга яқини келишилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь