Тожикистон Қирғизистонни айёрликда айблади
Олам
−
21 Сентябрь 2022
6681Қирғизистон томони ўзининг чегара ҳудудларида ҳарбий қисмлар ва техникаларни яшириб, чегарадан қўшинларни олиб чиқиш бўйича имзоланган протокол шартларини бузмоқда. Бу ҳақда бугун, 21 сентябрь куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда айтилади.
“Қирғиз томони қўшинлари ва оғир ҳарбий техникаларини ўзаро туташув чизиғидан олиб чиқиб кетаётгани ҳақидаги ёлғон кўриниш ҳосил қилиб, уларни Лайлак ва Чўн-Олай туманлари чегарадош аҳоли пунктларида яширмоқда”, дейилади хабарда.
Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 19 сентябрь куни Тожикистоннинг Конибодом шаҳридаги Лохути номидаги аҳоли пункти яқинида Қирғизистон Қуролли кучларининг 12 та ҳимояланган ҳарбий техникаси жойлашуви ва шу куннинг ўзида Тожикистоннинг Деваштич туманидаги “Нуробод” чегара пости яқинида “Қирғизистоннинг 70 нафар қуролли махсус кучлари борлиги аниқланган.
18 сентябрь куни Тожикистон томони Тожикистоннинг Лахш вилоятидаги “Сархадчи” чегара пости яқинида Қирғизистоннинг камуфляжланган 4 та оғир ҳарбий техникасини пайқаб қолган.
Шунингдек, Тожикистон томони Қирғизистоннинг учувчисиз учиш аппаратлари томонидан мамлакат ҳаво ҳудудини кўплаб бузиш ҳолатларини қайд этишда давом этмоқда. ТИВ Тожикистон яна бир бор Қирғизистон томонини чегара ҳудудидаги вазиятни нормаллаштириш бўйича имзоланган протоколларни қатъий бажаришга чақирмоқда.
“Акс ҳолда тожик томони бу ҳолатни Қирғизистоннинг навбатдаги тажовузига тайёргарлик сифатида баҳолайди”, дея огоҳлантирди республика ТИВ.
Жорий йилнинг 19 сентябрь куни икки давлат махсус хизматлари раҳбарлари Саймўмин Ятимов ва Қамчибек Ташиев чегара ҳудудларидаги қуролли можарони ҳал этиш бўйича протокол имзолади. Ҳужжатда жанговар ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш, қўшинлар ва ҳарбий техникани доимий жойлаштириш жойларига олиб чиқиш, чегара постлари ва комендатураларни биргаликда текшириш, қуролли тўқнашувларни тергов қилиш кўзда тутилган.
Тожикистон ва Қирғизистон чегарачилари ўртасида оғир қуроллардан фойдаланган ҳолда жанглар 14 сентябрь куни Тожикистоннинг Ворух анклавининг Кех ҳудудида бошланиб, умумий чегаранинг алоҳида участкаларида 17 сентабргача давом этган. Тожикистон томони маълумотларига кўра, тўқнашув вақтида республиканинг 40 дан ортиқ аҳолиси ҳалок бўлган. Бишкекда мамлакатнинг 59 фуқароси ҳалок бўлгани хабар қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров кеча, 20 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида иштирок этиб, унда Тожикистонни халқаро шартномаларни бажармаслик ва Қирғизистонга тажовузда айблаган эди.
LiveБарчаси