Жапаров БМТ минбарида Раҳмонни келишувларни бажармаслик ва тажовузда айблади
Олам
−
21 Сентябрь 2022
12122Қирғизистон-Тожикистон чегарасида содир бўлган қуролли тўқнашувларни қирғиз томони бошламаган. Аксинча, Бишкек доим қурол ишлатишдан қочишга ҳаракат қилган ва қуролсиз, тинч аҳолига ҳеч қачон ўқ узмаган. Аммо Имомали Раҳмон бошчилигидаги Тожикистон Қуролли кучлари Қирғизистон билан бир неча форматдаги халқаро келишувларга қарамай, Қирғизистон суверенитетига дахл қилмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров кеча, 20 сентябрь куни Нью-Йоркда ўз ишини бошлаган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 77-сессиясидаги нутқида гап очди.
“Давлатларимиз ўртасидаги чегара масалаларини ҳал этиш бўйича иш бошланганидан бери Қирғизистон томони доимо ўзининг халқаро, жумладан, икки томонлама мажбуриятларига тўлиқ риоя қилган ҳолда иш олиб борди, музокараларни конструктив тарзда олиб борди, ўзаро манфаатли муросага келишга ҳаракат қилди”, дейди сўзи аввалида Жапаров.
Унинг қайд этишича, 2021 йил апрель ойида Тожикистон Қуролли кучлари Қирғизистон ҳудудига кенг кўламли асоссиз тажовузни содир этган, бунинг оқибатида 36 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган. Шунга қарамай, у халқи манфаати учун ўтган йили Душанбега борганини эслади.
“Жорий йилнинг 14, 15 ва 16 сентябрь кунлари Қирғизистон жанубида кенг кўламли ҳарбий тўқнашувлар бўлиб ўтганини хабар қилиш мен учун янада оғриқли. Тожикистон томони аввал эришилган барча келишувларни бузган ҳолда, қирғиз-тожик давлат чегарасининг бутун периметри бўйлаб чегара ва фуқаролик объектларига ҳужум қилди.
140 мингга яқин тинч аҳолимиз чегарадаги аҳоли пунктларидан эвакуация қилинди. Улар керакли ёрдамни олишади”, дейди Қирғиз Республикаси Президенти.
У БМТга, дўст ва ҳамкорларга кўрсатган бирдамлик ва маънавий ёрдам учун самимий миннатдорлик билдираман.
Жапаровга кўра, Тожикистоннинг босқини оқибатида фуқаролик ва ҳарбий объектлар – уйлар, маъмурий бинолар, мактаблар, чегара постларига катта моддий зарар етган.
“Ҳар қандай моддий зарарни тузатиш мумкин. Ўз юрти учун жонини аямай курашган мард ҳимоячиларимизни, ўққа тутилган тинч аҳолини қайтаролмайсиз”, дейди Президент.
Унинг алоҳида урғулашича, мамлакатлар ўртасида халқаро шартномалар ва мажбуриятлар тузилганига қарамай, Тожикистоннинг асоссиз қуролли тажовузкор ҳаракатлари уни кўпроқ тушкунликка солмоқда. У яна бир бор тожикистонлик ҳамкорлар билан музокаралар жараёнини давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
“Сўнгги пайтларда қўшниларимизнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида ишончимиз сўнганини инобатга олиб, шунга қарамай, биз музокаралар ва халқаро воситачилик, жумладан, БМТ, ЕХҲТ, КХШТ билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёрмиз.
Биз Тожикистон томонининг ўтган йиллардаги ноқонуний хатти-ҳаракатларини ҳужжатлаштирганмиз.
Биз ҳеч қачон биринчи бўлиб бошламадик. Ҳар доим қурол ишлатишдан қочишга ҳаракат қилган ва айниқса, қуролсиз тинч аҳолига ўқ узмаганмиз!”, дейди Жапаров.
У дунёнинг бош минбаридан яна бир бор Қирғизистон томони бегона ерларга даъво қилмаслиги, лекин ўз ерларининг бир сантиметрини ҳам ҳеч кимга бериб қўймаслигини баралла айтди.
“Ишончимиз комилки, барча чегаравий ва иқтисодий масалалар музокаралар столида ҳал этилиши керак ва биз томондан шундай ирода ва тайёрлик бор.
Чегара ҳудудларида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, маҳаллий аҳоли ўртасида кескинликни кучайтириш, давлатларимиз ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатларга барҳам бериш бўйича шошилинч чора-тадбирлар кўриш бугунги куннинг энг муҳим масаласидир”, дейди Президент.
Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида можаро
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарадаги вазият 14 сентябрь куни Боткен вилоятидаги учта участкада чегарачилар ўртасида отишма бошланганидан кейин кескинлашди. Томонлар бир неча бор ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олганига қарамай, келишувлар ҳар сафар муваффақиятсизликка учради.
Қирғизистон расмийлари Тожикистонни чегарага оғир ҳарбий техникани тортиб келишда ва Қирғизистон ҳудудини ўққа тутишда “барча мавжуд арсеналдан” фойдаланганликда айблади. Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўқнашув зонасидан 136 минг киши эвакуация қилингани, Боткен вилоятида фавқулодда ҳолат режими жорий этилганини ҳақида маълум қилди.
Айни пайтда Тожикистон қирғиз кучларини Тожикистон чегарасидаги қатор аҳоли пунктларини “оғир қуроллардан” ўққа тутишда айблади. Ҳозирда икки давлат ўт очишни тўхтатиш ва қўшинларни чегара ҳудудидан олиб чиқиш бўйича келишувларга амал қилмоқда.
Икки давлат чегарасида 70 га яқин баҳсли участкада белги қўйилмагани сабабли мунтазам равишда можаролар чиқиб туради. Умуман олганда, 2022 йил июль ойи ҳолатига кўра, мамлакат чегараларининг 972 километридан 600 километрга яқини келишилган.