Уруғи СССРда сепилган муаммо: тожиклар ва қирғизлар нимани бўлишолмайди?
Таҳлил
−
11 Март 2022
4181610-11 март кунлари Марказий Осиё минтақасининг бир неча ўн йилдан бери битмаётган яраси – қирғиз-тожик чегара муаммоси яна бўй кўрсатди. Икки давлат чегарачилари ўртасида отишма юз берди. Сўнгги йилларда минтақа давлатлари сув ва ҳудуд билан боғлиқ кўплаб ўзаро келишмовчиликларни бартараф этди. Аммо Қирғизистон ва Тожикистон чегараси ҳамон баҳслар ўчоғи бўлиб қолмоқда.
Бугун қайтадан авж олаётган муаммо аслида қачон бошланган, ахир бу заминда бундан 100 йил олдин на Қирғизистон бўлган, на Тожикистон. Икки давлат нимани бўлишолмайди? Бугун шу саволларга жавоб қидирамиз.
Келишмовчиликлар илдизи
Қирғизистон ва Тожикистон низоларининг асоси Ворух анклавига бориб тақалади.
Ворух – Тожикистоннинг Сўғд вилояти Исфара туманидаги жамоати. Ҳудуд тарихан тожикларга тегишли экани Тожикистоннинг ҳозирги чегараларда шаклланишидан олдин ёзиб қўйилган.
Ўтмишга назар солсак, Тожикистон ССР 1929 йилда Совет Ўзбекистони таркибидан ажратилиб, алоҳида давлат сифатида СССРга кирганини кўриш мумкин. Бунгача Исфара (Тожикистон) ва Боткен (ўша пайтдаги Қора Қирғизистон Автоном Совет Социалистик Республикаси) ўртасидаги чегара 1924 йилдаги хариталарда Коммунистик партия Марказий Қўмитасининг тегишли қарорига кўра ўтказилган.
У вақтда ҳеч қандай анклав бўлмаган. Ворух тўғридан-тўғри Тожикистон билан боғланган. Унинг ажралмас мақоми Қирғизистон АССРнинг 1927 йил июндаги фармони билан ҳам тасдиқланган, ҳужжатда Ворух 3,5 минг аҳолига эга Исфара туманининг бевосита бир қисми сифатида кўрсатилган.
Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудлари ўртасидаги чегара Халқ Комиссарлари Кенгашининг 1947 йилдаги Ўзбекистон ва Қирғизистон ССР чегараларини аниқлаштириш тўғрисидаги қарори билан тасдиқланган, бу ҳужжатда ҳозир баҳсли бўлган Ворух Совет Тожикистонининг ажралмас қисми экани кўрсатилган.
Ҳудудларга эгалик қилиш борасидаги келишмовчиликлар 1950-йилларнинг ўрталарида Тўрткўл канали ва сув омбори қурилишида бошланди. Гап шундаки, канал Исфара (Тожикистон) тумани ҳудудидан ҳам ўтган. Бошқариш қулай бўлиши учун Тожикистоннинг бир неча минг гектар майдонини Қирғизистонга ўтказишга келишилди ва бунинг эвазига расмий Бишкек юқорида номи келтирилган туман ерларини суғориш учун сув билан таъминлаши керак эди.
Ўшанда Тожикистон ССР Олий Кенгаши Президиуми бу қарорни маъқулламади, лекин улар муҳим инфратузилма лойиҳасидан воз кечмадилар. Аслида ўша вақтда умумий Совет Иттифоқи таркибида бўлган икки республика учун ернинг кимга тегишли бўлиши унчалик аҳамиятли эмасди. Шундай қилиб, Ворух ва Тожикистон ССРни географик жиҳатдан боғлайдиган Исфара ерлари де-юре Душанбенинг, амалда эса Бишкекнинг назоратида бўлиб қолди. Муаммо уруғи сепилди.
Қирғизлар “ҳадя” қилинган ерларга дастлаб чўпонлик қилиш учун ёлланган, уларга уй қуриш учун ер берилган, вақт ўтиб, бу гуруҳ кўпая бошлаган. Ўша вақтда Москвага қарам бўлган республика раҳбарлари орадан йиллар ўтиб, бу жиддий ҳудудий муаммога айланишини қаердан ҳам билсин?! Орадан 40 йил ўтар-ўтмас қудратли СССРнинг парчаланиб кетиши эса ҳеч кимнинг тушига ҳам кирмагани аниқ.
Қизил байроқ остидаги низолар
Шунга қарамай, тарих можаро бошланишини Совет замонидаги қайта қуриш ва миллий республикалар давридаги биринчи тўқнашувлардан анча олдин башорат қилиш мумкин эканлигини кўрсатади.
Хуллас, 1974 йилнинг Янги йил кечасида Ворухда отишма бўлиб ўтди, унда кекса авлод ҳали ҳам Қирғизистон томонини айблайди. Ҳодисада ҳеч ким ўлмаган, аммо жароҳат олганлар бўлган. Воқеа жиддий тус олиб, СССР Бош прокуратураси ҳам аралашган.
Узоқ суд жараёнидан сўнг Тожикистон ССР раҳбариятига бир неча юз гектар майдонни Боткен вилояти фойдасига ўтказиш таклиф қилинган, режа амалга ошгач, бу ерда Оқсой қишлоғи пайдо бўлган ва Ворух анклавга айланган қолган. Ўшанда расмий Душанбе бу қарорни қўллаб-қувватлаган, бироқ бугун Тожикистон томони кейинги тўқнашувларга асос бўлган “ечим”ни эслашни хушламайди.
1989 йилда Иттифоқнинг тизимли муаммолари яққол кўзга ташланиб, республикаларда мустақилликка чорловчи овозлар тобора баландроқ янграган пайтдан бошлаб ҳақиқий можаро авж олди. Ҳали мустақил бўлмаган миллий давлатлар ер эгаллаш иштиёқида ёна бошлади.
Илк мунозаралар Исфаринка дарёсининг сувидан фойдаланиш устида бошланди ва тез орада “кабинет”лардаги гап-сўзлар кўчага, қуролли одамларга етиб борди. Боткен вилояти Самарқандек қишлоғининг бир неча юз нафар аҳолиси асосан тожиклар истиқомат қиладиган Хўжайи Аъло қишлоғини ўққа тутди.
Аммо бу сафар тўқнашув қурбонсиз бўлмади – тожиклар қишлоғидаги ёш йигит вафот этди. Илк қурбон берилгач, қуролланган Ворух аҳолиси Хўжаи Аълога ёрдам беришга шошилди ва оқсойликлар билан тўқнашувни бошлади. Фарғонадан шошилинч тарзда юборилган Перм махсус бўлинмаларининг аралашуви билангина катта қон тўкилишининг олди олинди.
Шундан сўнг, манфаатдор томонлар комиссияси йиғилди ва у Ворух қишлоғи атрофидаги 68 гектар тоғли ва можароли Хўжайи Аъло қишлоғи атрофидаги 18 гектар ерни Тожикистонга бериш ва шу билан чегара масаласини ёпиш таклифи билан чиқди. Бироқ, бу анклавнинг ҳақиқий шаклланиши муаммосини ҳал қилмади ва шунинг учун Душанбе бундай таклифга рози бўлмади.
Эҳтимол, томонлар Москва назоратида қолганда вақт ўтиб, муросага келган бўларди, аммо буни энди билиш имконсиз. Негаки, кўп ўтмай СССР чок-чокидан сўкилиб, парчаланиб кетди. Баҳсли ҳудудлар миллионлаб гектарларга етди – Душанбе, Бишкек ва воситачи Москва Ворух муаммосини вақтинча унутди.
Мустақилликнинг илк йилларида унутилган келишмовчилик
Мустақилликка эришилганидан кейинги 15 йил давомида эндиликда миллий республикалар ҳудудий чегаралар масаласига унчалик эътибор қаратмади, аслида қарата олмасди. Боиси, Қирғизистон Ўшдаги ўзбеклар билан боғлиқ нисбатан қонли ва даҳшатли можаро билан банд эди. 1992-1997 йиллардаги фуқаролик урушидан тинкаси қуриган Тожикистон эса бор кучини миллий иқтисодиётни тиклашга сарфлади.
Бу орада Қирғизистонда “Лола инқилоби” юз берди ва натижада қўшнилар билан муносабатларда эҳтиёткор бўлган Президент Асқар Акаев мамлакатни тарк этди. Янги Бишкек ҳукумати ҳудуд масаласини ҳал қилиш орқали сиёсий очко олишга қарор қилиб, эски яраларни кавлай бошлади. Бу вақтга келиб Тожикистон ҳам бироз барқарорликка эришган ва чегара дипломатияси билан шуғулланишга тайёр эди. Шу тариқа можаролардаги тинч даврнинг охири кўринди.
Қирғизистондаги "Лола инқилоби"
Душанбе ва Бишкек ўртасида ечилиши керак бўлган талайгани масалалар йиғилиб қолганди: маҳаллий аҳоли анклав инфратузилмасидан фаол фойдаланган, Боткен вилояти маъмурияти эса Самарқандек қишлоғи билан транспорт йўлаги ажратишни сўрар эди.
Якунда 2007 йил Тожикистон ўз ҳудудида йўл қуришга розилик билдирди ва бир неча юз метр ерни 49 йил муддатга ижарага берди. Аммо бугун Тожикистон аҳолисининг катта қисми бу қарор тўғри бўлмаганини айтади. Бунга сабаб йўқ эмас, албатта. Бишкек Душанбенинг дўстона қарорини нотўғри тушунди, аниқроғи тожиклар қўрққанидан ён берди, деб ҳисоблади ва унинг ҳудудига даъво қила бошлади. Бу ўринда Бишкек инсофли иш қилди, дейиш қийин.
Тожикистондаги фуқаролик уруши бошланиши
Кейинги 10 йил ичида Марказий Осиёнинг азалий муаммоси атрофида жиддий тўқнашувлар бўлмади, томонлар ўзини босиқ тутди. Бунга Қирғизистонда бўлган яна бир инқилоб, 2010 йилнинг апрель ва июнь ойидаги воқеалар, Президент Бакиевнинг қочиб кетиши ва Роза Отунбаева бошчилигидаги муваққат Ҳукуматнинг муваффақиятсилиги ҳам ўз таъсирини кўрсатган бўлса, не ажаб. Бу вақт ичида баҳсли чегаранинг икки томони контрабанда марказига айланди. Эҳтимол, маҳсулотни сотиш ва сотиб олиш маҳаллий аҳолининг бирлашувида сиёсатчиларнинг икки халқ дўстлиги ҳақидаги баландпарвоз чиқишларидан кўра кўпроқ хизмат қилди.
Чегара ҳудудида яшовчи қирғиз фермерлари сигир ва қўйларини ички бозорга эмас, қўшниларига сотишга кўпроқ мойил бўлган – уларни ташиш қулай ва ҳар доим талаб бўлган. Чорвачиликнинг яширин бозори бугунги кунгача сақланиб қолган, ҳатто, Бишкекнинг радикал чоралари ҳам бунга тўсқинлик қила олмаяпти.
Ворух атрофидаги фаол можаролар
Аҳоли ўртасида контрабанда қанчалик гуллаб яшнамасин, асл ҳудудий муаммо ҳеч қаерга йўқолмади ва унинг юзага чиқиши фақатгина вақт масаласи эди. Ва бу онлар ўзини кўп куттирмади. 2018 йил апрелда чегара яқинидаги Уч-Добо (Қирғизистон) ва Хўжайи Аъло (Тожикистон) қишлоқларининг 50 дан ортиқ вакили жанжаллашди.
Тўқнашув, аслини олганда арзимаган нарсадан, яъни қирғиз қишлоғи вакили чегара ҳудудининг келишилмаган ва қурилиш қилиш тақиқланган қисмида панжара ўрнатишидан бошланди.
Қирғизистон Республикаси чегара хизмати хабарига кўра, икки томондан 50 га яқин одам иштирок этган даҳанаки жанг ўзаро тошбўронга айланган.
Орадан икки ой ўтиб, Қирғизистон ва Тожикистон чегарачилари ўртасида футбол майдонида можаро чиқди, тожик ҳарбийлари қурол ишлатиб, юқорига қарата огоҳлантирувчи ўқ узди. Бунга “ҳеч кимники бўлмаган” ерларда бозор ташкил этилгани сабаб бўлгани тахмин қилинади. Ўшандан бери Ворух тарихи икки давлат ўртасидаги жиддий ер можаросининг бир қисмига, муҳим бир бўғинига айланди.
Майда можаролар кейинроқ ҳам содир бўлди – бир йилда 10 га яқин – лекин улар чегаранинг ҳар икки томонидаги хавфсизлик кучлари саъй-ҳаракатлари билан бартараф этилди.
Аммо 2019 йилда жиддий тўқнашувлар бошланди. Март ойи ўрталарида Тожикистон фуқаролари Оқсой-Тамдиқ айланма йўлини ётқизаётган қирғиз ишчиларининг йўлини тўсиб қўйди. Йўл қурувчиларга яқин атрофдаги қирғиз қишлоқлари аҳолиси ёрдамга келди. Натижада икки юз чоғли одам бир-бирини тошбўрон қилди. Можаро натижасида 12 киши жароҳатланди.
Кейин эса отишмалар бошланиб, илк қурбонлар берилди. Дастлаб қирғиз милиционери жароҳатланди, сўнг ворухлик яраланди.
“Қуролланган қирғизлар Тожикистон фуқароларига ўқ узди. Айни вақтда бир киши жароҳатлангани аниқ. Яна бир фуқаро Рафоиддин Тешаев ҳалок бўлди. Тахминларга кўра, ўқ снайпер милтиғидан отилган”, деб хабар берганди ўшанда “Ворух” жамоаси вакиллари.
Яхшиямки, Душанбе ва Бишкек можаро Ўш сценарийси бўйича давом этиб, ўт қўйиш, этник қирғин ва доимий қўшинларнинг жалб этилиши билан янада қонли тус олиши мумкинлигини англади. Ва шунинг учун томонлар ортиқча шартларсиз кво-мақомини сақлаган ҳолда вазиятни барқарорлаштириш ҳақида баённома имзолади.
Аммо дипломатик келишув муаммонинг асосий сабабларини ҳал этмади фақатгина уни вақтинча музлатиб қўйди. Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Қирғизистоннинг ўша вақтдаги Президентии Сооронбай Жээнбековнинг умидбахш учрашуви ҳам низони таг томири билан йўқ қилишда ҳеч қандай фойда бермади.
Чегарадаги тинчлик 8 ой давом этиб, 2019 йил кузида Қирғизистон чегарачилари Тожикистон томонга ўқ узди. Якунда бу чегарачиларнинг кичик уруши билан якунланди. Бу тўқнашувда томонлар бир бирини чегарада ҳарбий объект қуришда айблади. Кейинроқ ҳам турли сабаблар янгради.
Тўқнашувларда Тожикистондан подполковник ва икки аскар ҳалок бўлди, 12 киши жароҳатланди. Қирғиз томонидан “спецназ” хизматчиси ўлдирилиб, 13 киши яраланди. Бишкек ва Душанбе чегарага қўшимча кучларини жойлаштирди, бироқ улардан фойдаланишга зарурат бўлмади. Фуқаролар эса жанжаллашиш учун сабаб қидириши ҳам керак эмасди. Улар бир-бирини тошбўрон қилиб, жанжаллашиб туриши тез-тез кузатилган.
2020 йилда пандемия сабаб чегарада вазият нисбатан осойишта бўлди. Шунда ҳам буткул қурбонсиз ўтмади. Май бошида қурбонлар бор-йўқлиги очиқланмаган навбатдаги қуролли тўқнашув юз берди. Ёз охирида эса Исфарада тинч аҳоли вакили отишма оқибатида ўлдирилди ва қирғиз чегарачиси жароҳатланди.
Қобиғи бор, руҳи йўқ КХШТ
Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро Россия етовидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг аслида ҳеч қандай таъсирга эга эмаслигини кўрсатиб берди.
Собиқ СССР давлатларининг Россияга яқин бўлган аъзоларини жамлаган ташкилот ташқи хавф туғилганда биргаликда жавоб бериш учун ташкил этилган. Унинг асосий кучи рус армиясига боғланган. Аммо қирғиз-тожик можаросида КХШТ фойдасиз институт бўлиб қолмоқда. Дейлик Душанбе қўшниси билан тортишиб қолганда ташкилотдан ёрдам сўраса ҳам бефойда. Негаки иккинчи томон ҳам айни ҳарбий блокнинг аъзоси.
КХШТ ташқи хавфга қарши туришни инобатга олган ва аъзолар ўртасидаги можароларни ҳал қилиш бўйича ваколатларга ва механизмга эга эмас. Аммо ҳарбий иттифоқчи ҳисобланган давлатларнинг ўзаро можарога боришининг ўзиёқ ташкилотнинг жисми бору, жони йўқлигини кўрсатиб қўяди. Ёки ташкилот Россияга керак бўлгандагина уйғонади, худди Қозоғистонда бўлгани каби.
Қирғиз-тожик чегарасига қайтсак. КХШТ бу борада ҳеч қандай ечим таклиф қилмаган. Агарда ташкилотнинг бирлашган тинчликпарвар кучлари низоли ҳудудга киритилган тақдирда ҳам бу баҳслашувчи давлатлар устидан назорат ўрнатиш учун армияси жойлаштирилган мамлакатга қўшимча ричаг бўлади, холос.
Томонларнинг ўзаро музокаралари
Шу ўринда Бишкек ва Душанбе келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал қилишга уринмаган, деб бўлмайди. Музокаралар олиб борилган ва низоли ерларни йўқотиш учун реал таклифлар билдирилган.
Ўтган йилнинг мартида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Тошиев анчайин радикал ечим таклиф қилди. Унга кўра, Бишкек икки йўл кўрсатди.
“Биринчиси, биз анклав чегараларини қонуний равишда ўлчаймиз ва у энди ўзгармайди. Лекин биз анклавга ўз ҳудудимиздан ўтадиган йўлни фақат фойдаланиш учун берамиз”, дея таклиф қилди Тошиев.
Иккинчи вариантга кўра, ҳокимият Ворух анклавини алмашишга тайёрлигини кўрсатди.
“Агар бу 12 минг гектар анклав ҳудуди бизга қолса, биз Боткен вилоятининг бошқа туманларидан 12 минг гектарни беришга тайёрмиз”, деди Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.
Аммо Душанбе бу таклифга дипломатик йўллар билан ҳеч қандай жавоб бермади. Бироқ интернет фойдаланувчилари Тошиевни турли ҳақоратлар билан тарифлашдан ўзини тийиб ўтирмади.
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг Ворухга ташрифи Душанбенинг позициясига аниқлик киритиши керак эди. Аммо Раҳмон ташриф чоғида анклавни алмаштирилмаслигини аниқ тушунтириб қўйди.
“Яна бир муҳим жиҳатни алоҳида таъкидламоқчиман, яъни музокараларнинг бутун даври давомида – 19 йил ичида Ворухни бошқа ҳудуд билан алмаштириш масаласи бўлмаган ва бўлиши ҳам мумкин эмас”, деган Имомали Раҳмон.
У яна бир муҳим жиҳат, чегараларни делимитация қилиш катта саъй-ҳаракатлар ва томонлар манфаатларини ўзаро ҳурмат қилишни талаб қилувчи мураккаб жараён эканлигини таъкидлаган.
Умуман олганда ҳар икки томоннинг муаммони тинч ҳал қилишга интилиши кўп янграганига қарамай, ҳозирча реал ечим кўринмаяпти.
LiveБарчаси