Ўзбекистон 2021 йилдан бери илк бор Афғонистон билан чегарани очди

Жамият

image

Ўзбекистон ва Афғонистонни боғлаб турувчи Термиз-Ҳайратон кўприги орқали фуқароларни ўтказиш пунктлари қайта иш бошлади. Бу ҳақда бугун, 2 декабрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хабар берди.

Билдирилишича, энди йўловчилар икки давлат орасида тўғридан тўғри ва хавфсиз тарзда ҳаракатланиши мумкин. Шу билан бирга, виза талаби ўз кучида қолади.

Қайд этиш жоиз, 2021 йилда фуқаролар ҳаракати чекланган, бу эса тадбиркорларнинг Афғонистонга боришини сезиларли даражада қийинлаштирган. Айритомдан 75 км масофада жойлашган (1 соатлик йўл) Мозори Шарифга етиб бориш учун тадбиркорлар Тожикистон орқали бир кунлик айланма йўлдан фойдаланишга мажбур бўлган. Эндиликда бу чекловлар бекор қилинди ва йўл яна очилди.

“Чегарадан ўтиш тартибининг тикланиши экспорт қилувчи корхоналар учун катта қулайлик яратади. Афғонистонга экспорт ҳажми охирги йилларда барқарор ўсмоқда ва айниқса бу йўлнинг очилиши билан 2026 йилда экспорт ҳажмини 2,5 млрд долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжуд”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, давлат тадбиркорларни Афғонистон бозорига чиқишда қуйидаги имтиёзлар билан қўллаб-қувватламоқда:

  • Ҳайратон ёки Мозори Шарифда омбор очган тадбиркорлар учун омборни сақлаш билан боғлиқ харажатлар 100 фоиз қоплаб берилади;
  • Маҳсулотларни Афғонистоннинг 34 вилоятида реклама қилиш харажатлари тўлиқ компенсация қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон 2026 йилда ҳам Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни давом эттириши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Ўзбекистон чегара Термиз-Ҳайратон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг