Ўзбекистон Афғонистонга 2026 йилда ҳам электр беради

Жамият

image

Ўзбекистон 2026 йилда ҳам Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни давом эттиради. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, кеча, 17 ноябрь куни Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Афғонистоннинг Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) компанияси бош директори Абдул Бори Умар Афғонистон ҳудудида қурилаётган юқори кучланишли электр узатиш линиялари ва подстанцияларининг жорий ҳолатини ҳамда ушбу ишларни жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилган. Учрашув якунида 2026 йил учун электр энергияси етказиб бериш бўйича тегишли шартнома имзоланди.

Ўзбекистон томонидан шартномага давлат компанияси “Ўзэнергосотиш” бошқаруви раиси Жаҳонгир Обиджонов имзо чеккан.

Маълумот учун, 2024 йил февраль ойида Da Afghanistan Breshna Sherkat компанияси Эрон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан импорт қилинган электр энергияси бўйича кўп йиллик қарзларини 627 миллион доллар миқдорида тўлаганини эълон қилган эди.

Ўтган йил декабрь ойида Афғонистон Ўзбекистон билан электр энергияси етказиб бериш бўйича келишувни навбатдаги йилга узайтирган эди. Шунга ўхшаш келишув Туркманистон билан ҳам имзоланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида Афғонистон халқининг тинч ва осуда ҳаётга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга чақириб, бу давлатнинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ўта муҳимлигини таъкидлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон электр Ўзбекистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг