Ўзбекистон Афғонистонни яккалатиб қўймоқчи эмас (видео)

Олам

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон халқининг тинч ва осуда ҳаётга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга чақириб, бу давлатнинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ўта муҳимлигини таъкидлади. Бу ҳақда давлат раҳбари кеча, 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясидаги нутқида айтиб ўтди. 

Президентнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ушбу мамлакатда катта иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқчи.

Шунингдек, Мирзиёев Афғонистон орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича БМТнинг алоҳида резолюциясини қабул қилишни таклиф этган.

Қолаверса, хавфсизлик мавзуси давомида давлат раҳбари Марказий Осиёда Глобал аксилтеррор стратегиясини бажариш бўйича самарали ишларни қайд этган. БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда тузилган Реабилитация ва қайта интеграция масалалари бўйича минтақавий кенгашни Халқаро компетенциялар марказига айлантириш таклиф этилган. 

Ўзбекистон раҳбари Терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офисини Ўзбекистонда очиш учун зарур шароит яратишга тайёрлигини билдирган.

Мамлакат етакчиси бугунги таҳдидларга тўла дунёда глобал транспорт тизимининг заифлиги денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган давлатларнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатаётганини кўрсатиб ўтган.

Халқаро транзит коридорларининг хавфсизлигини таъминлаш ва самарали логистика занжирларини яратиш мақсадида “Барқарор ривожланиш мақсадлари учун ўзаро транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш” глобал механизмини жорий этишга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу нутқи давомида Мирзиёев Марказий Осиёда ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолганини урғулаганди. Давлат раҳбари сўнгги йилларда минтақада ўзаро савдо, инвестициялар ва транспорт ташувлари ҳажми беш баробаргача кўпайганини ҳам таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг