Марказий Осиёдаги ёпиқ чегаралар даври тарихда қолди – Мирзиёев

Олам

image

Марказий Осиёда ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолди. Бу ҳақда кеча, 23 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясидаги нутқида айтиб ўтди. 

Ўзбекистон раҳбарининг сўзларига кўра, бугунги кунда мамлакатнинг ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилган. 

“Бундан 8 йил муқаддам биз ушбу юксак минбардан туриб, Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлантиришга қатъий қарор қилганимизни эълон қилган эдик. Бугун чуқур мамнуният билан таъкидлаш мумкин: биз бу стратегик мақсадга эришдик. Ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолди”, деган Мирзиёев. 

Давлат раҳбари сўзлашда давом этар экан, сўнгги йилларда минтақада ўзаро савдо, инвестициялар ва транспорт ташувлари ҳажми беш баробаргача кўпайганини таъкидлаган. Қўшма инвестиция жамғармалари, чегара ҳудудларида савдо ва саноат зоналари ташкил этилаётгани ҳамда йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилаётгани билдирилган.

“Шуни қатъий ишонч билан айтишим мумкинки, бугунги кунда янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни бошланди. Минтақамиз ўзининг ҳамжиҳатлиги, барқарорлиги, ўзига хослиги билан халқаро муносабатлар тизимида алоҳида субъект сифатида тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда”, дея урғулаган Ўзбекистон раҳбари. 

Президент, шунингдек, БМТ тузилмалари билан минтақада қатор янги лойиҳа ва дастурларни амалга оширишни, жумладан, ЭКОСОС ва ЮНКТАД шафелигида Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий тараққиёти масалаларига бағишланган халқаро форум ўтказиш, ЮНИДО билан саноатда “яшил” технологиялар минтақавий хабини ташкил этиш, минтақада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, “яшил” макон барпо этиш ҳамда демографик барқарорликка эришиш бўйича дастурларни қабул қилишни таклиф қилган.

Бундан ташқари, Бош Ассамблеянинг Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий шериклик ва иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир резолюциясини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 23 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида нутқ сўзлаганди. У ўз нутқида глобал муаммолар, Афғонистон ва Украинадаги вазиятга ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё Бирлашган Миллатлар Ташкилоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг