Жапаров чегара муаммосини муддати тугагунгача ҳал қилишга ваъда берди

Олам 4286
image
-

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров мамлакат халқига муддатидан аввал қўшни давлатлар билан чегарани делимитация ва демаркация қилиш масаласига чек қўйишга ваъда берди. 

“Ҳа, чегара муаммоси бор. 30 йилдан бери ҳал этилмаган муаммо ҳозирда катта эътибор ва узоқни кўра билишни талаб қилади. Ҳозирда музокаралар олиб борилмоқда. Келишилмаган километрлар кўп. Бу вақт талаб этади. Худо хоҳласа, президентлик муддатим тугагунча бу масалани ҳал этиш ниятидаман”, дейди Жапаров Facebook’даги саҳифасида.  

Жапаров, шунингдек, қирғизистонлик журналист ва блогерларга мурожаат қилиб, Қирғизистон билан чегарада муаммолар мавжуд бўлган давлатлар раҳбарларини хафа қилмасликка чақирди. Унинг қайд этишича, Қирғизистон демократик йўлдан қайтмайди. Мамлакатда сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари сақлаб қолинади. Аҳолининг истаганини айтиши ва турли акцияларда иштирок этиши юзасидан чекловлар йўқ. 

“Қўшни давлатлар билан можаролар ҳақида гап кетганда, маълумотни бузиб кўрсатадиган ва бу давлатлар раҳбарларини ҳақорат қилувчи турли видео ва фото материалларни тарқатишга йўл қўйманг. Бу ахлоқий меъёрларга жавоб бермайди. Шундай қилиб, вазиятни янада оғирлаштирасиз ва икки халқ ўртасида жанжал қўзғатасиз”, дейди Президент. 

Президент, шунингдек, қирғиз оммавий ахборот воситаларидан ёлғон маълумот тарқатмасликни сўраган. 

“Фақат сўз эркинлиги ниқоби остида ёлғон маълумотлар тарқатишни бас қилайлик. Бир ой олдин сохта аккаунт остида Қирғизистон гўёки Украинага оғир ҳарбий техника ва аскарларни олиб ўта бошлагани ҳақида маълумот тарқалган эди. Расмий оммавий ахборот воситалари орқали бундай маълумотларни тарқатган фуқаролар ҳам бўлган. Биринчидан, буни қилиш уятли. Иккинчидан, Қирғизистон жаҳон ҳамжамиятига ёлғон кўринишда тақдим этилмоқда”, дейди Жапаров. 

У мухолифатчилардан ҳалол рақобат қилишларини, мамлакатни тинч қўйишларини сўраган.

“Агар мухолифат бўлмоқчи бўлсангиз, шахсан менга бўлинг, мамлакатни тинч қўйинг. Уруш билан ўйнашманг. Аллоҳим халқимизни урушдан асрасин”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 12 апрель куни тожик-қирғиз чегарасида икки давлат чегарачилари ўртасида навбатдаги отишма содир бўлди. Унда 27 ёшли тожик чегарачиси Зоир Саидумаров ҳалок бўлди. 

Тўқнашув чегарадош вилоятлар вакилларининг учрашувидан сўнг тўхтатилди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 58
Рейтинг: 3
t
×