Қирғизистон Тожикистон билан можаро туфайли 644 кишини эвакуация қилди
Олам
−
13 Апрель 2022
21751Қирғизистон ҳукумати кеча, 12 апрель куни икки давлат чегарачилари ўртасида тўқнашув юз берган Тожикистон билан чегарадош ҳудудлардан 600 дан ортиқ одамни эвакуация қилган. Бу ҳақда Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.
“Боткен вилоятининг чегарадош қишлоқларидан жами 644 киши эвакуация қилинди”, дейилади хабарда.
Маълумотларга кўра, асосан, аёллар, қариялар ва болалар хавфсиз жойларга олиб кетилган. Уларнинг барчаси эвакуация қилинадиган вақтинчалик жойларга жойлаштирилган. Айни пайтда эвакуация қилинган фуқаролар уйларига қайтишни бошлаган.
Икки давлат чегарачилари ўртасидаги можаро кеча, 12 апрель куни бошланган. Бугун, 13 апрелга ўтар кечаси томонлар қарама-қаршилик зонасидан қўшимча куч ва техникани олиб чиқишга келишиб олган. Қирғизистон томонининг маълум қилишича, можаро чоғида республиканинг икки фуқароси ва камида бир нафар Тожикистон фуқароси жароҳатланган.
Қирғиз-тожик чегарасидаги вазият
Қирғиз-тожик чегарасидаги навбатдаги кескинлашув январь ойининг охиридан бери давом этмоқда: ўшанда чегарачилар ўртасидаги отишмада тожикистонлик икки ҳарбий ҳалок бўлган, олти нафар ҳарбий яраланган, Қирғизистонда эса саккиз нафар ҳарбий яраланган.
Шундан сўнг Тожикистон ва Қирғизистон делегациялари чегарада ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ҳамда аввалроқ можаро жойига жалб қилинган қўшимча куч ва воситаларни олиб чиқишга келишиб олди. Шунга қарамай, чегарада вақти-вақти билан отишмалар давом этмоқда.
Сўнгги йилларда Тожикистон-Қирғизистон чегарасида қурол ишлатиш билан боғлиқ келишмовчиликлар бир неча бор содир бўлган. Охирги марта йирик тўқнашувлар ўтган йилнинг апрель ойи охирида юз берганди. Можарога сабаб баҳсли ҳудуд – “Головной” сув тақсимлаш пункти ёнига камералар ўрнатилгани бўлган. Натижада ҳар икки давлат ҳарбийлари аралашган.
Қирғизистоннинг 180 дан ортиқ фуқароси тўқнашувлар давомида жабр кўрган, деб хабар қилди республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги. 34 киши вафот этган. Тожикистон можаро қурбонлари ҳақида расмий маълумот бермади.
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара узунлиги 970 км. Чегаранинг 460 километри бўйича келишувлар мавжуд эмас, шунинг учун ҳар иккала давлат ҳам у ёки бу участкага ўз даъволарини эълон қилганда, вақти-вақти билан низолар келиб чиқади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь