Бишкек ва Душанбе чегарадан ҳарбийларини олиб чиқишга келишди

Олам

image

Бугун, 13 апрель ҳолатига кўра, Қирғизистон-Тожикистон давлат чегараси участкасида вазият нисбатан барқарор. Ҳеч қандай отишма қайд этилмаган. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) чегара хизмати матбуот хизмати маълум қилди, дея хабар беради “Кабар”.

Хабарда айтилишича, 13 апрелга ўтар кечаси Қирғизистоннинг Боткен вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти раҳбарлари ўртасида учрашув бўлиб ўтган. Йиғилишда Қирғизистон ва Тожикистон чегара бошқармалари раҳбарлари ҳамда икки вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари иштирок этган.

Томонлар қўшимча куч ва воситаларни доимий жойлаштириш пунктларига олиб чиқилишини назорат қилишга келишиб олган.

Шунингдек, икки республика делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги учрашувини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 12 апрель куни қирғиз-тожик давлат чегарасида қурол қўллаш билан боғлиқ яна бир ҳодиса юз берди.

Отишма натижасида қирғиз томондан ярадорлар ва жароҳатланганлар йўқ. Дастлабки маълумотларга кўра, Тожикистоннинг бир ҳарбий хизматчиси жароҳат олган. Икки давлат чегара вакиллари ўртасидаги музокаралар натижасида отишма тўхтатилган.

Қирғиз-тожик чегарасидаги вазият

Қирғиз-тожик чегарасидаги навбатдаги кескинлашув январь ойининг охиридан бери давом этмоқда: ўшанда чегарачилар ўртасидаги отишмада тожикистонлик икки ҳарбий ҳалок бўлган, олти нафар ҳарбий яраланган, Қирғизистонда эса саккиз нафар ҳарбий яраланган.

Шундан сўнг Тожикистон ва Қирғизистон делегациялари чегарада ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ҳамда аввалроқ можаро жойига жалб қилинган қўшимча куч ва воситаларни олиб чиқишга келишиб олди. Шунга қарамай, чегарада вақти-вақти билан отишмалар давом этмоқда.

Сўнгги йилларда Тожикистон-Қирғизистон чегарасида қурол ишлатиш билан боғлиқ келишмовчиликлар бир неча бор содир бўлган. Охирги марта йирик тўқнашувлар ўтган йилнинг апрель ойи охирида юз берганди. Можарога сабаб баҳсли ҳудуд – “Головной” сув тақсимлаш пункти ёнига камералар ўрнатилгани бўлган. Натижада ҳар икки давлат ҳарбийлари аралашган.

Қирғизистоннинг 180 дан ортиқ фуқароси тўқнашувлар давомида жабр кўрган, деб хабар қилди республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги. 34 киши вафот этган. Тожикистон можаро қурбонлари ҳақида расмий маълумот бермади.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара узунлиги 970 км. Чегаранинг 460 километри бўйича келишувлар мавжуд эмас, шунинг учун ҳар иккала давлат ҳам у ёки бу участкага ўз даъволарини эълон қилганда, вақти-вақти билан низолар келиб чиқади.


Мақола муаллифи

Теглар

қирғиз-тожик чегараси

Баҳолаганлар

25

Рейтинг

2.7

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг