Қирғизистон Ўзбекистоннинг 21 тонна қовунини қайтариб юборди (видео)

Жамият

image

Жорий йилнинг 22 август куни Қирғизистон чегарасидан сомон устига ортилган 21 тонна Ўзбекистон қовуни қайтариб юборилди. Бу ҳақда Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги “Достук” назорат-ўтказиш пунктида Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ўш ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикасидан Ўш вилоятига ҳаракатланаётган юк машинаси текширувдан ўтказилган. Шу жараёнда юқори фитосанитария хавфи бўлган маҳсулотни ташишда қонунбузарлик ҳолатилари аниқланган.

Ҳужжатларни текшириш ва машинани кўздан кечириш чоғида 21 тонна қовун билан бирга сомон ҳам борлиги маълум бўлган. Билдирилишича, сомон ҳам юқори фитосанитария хавфи бўлган карантин остидаги маҳсулот ҳисобланади ва у фитосанитария сертификатида кўрсатилиши лозим. Сертификат эса хавфли карантин бегона ўтлари уруғлари мавжуд эмаслигини тасдиқлаши керак.

“Ҳар бир карантин остидаги маҳсулот партиясининг импорт-экспортига импортчининг карантин фитосанитария талабларига мувофиқ равишда фитосанитария сертификати мавжуд бўлгандагина рухсат этилади”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ягона карантин фитосанитария талабларини бузиш ҳолати сабабли карантин фитосанитария назорати далолатномалари тузилган ва юкни қайтариш бўйича кўрсатмалар берилган. Ўш Бошқармаси ходимлари назорати остида қонунбузарликлар билан олиб келинган барча маҳсулотлар ортига – жўнатувчига қайтариб юборилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошидан буён Ўзбекистондан 80,82 тонна юк ва 70 минг 515 дона кўчат фитосанитария талабларига жавоб бермагани сабабли Қирғизистонга киритилмагани хабар қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон қовун фитосанитария

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг