Қирғизистон тинчликпарвар кучлари Қозоғистондан қачон чиқиши айтилди
Олам
−
13 Январь 2022
6208Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) гуруҳи таркибида Қозоғистонда тинчликпарварлик миссиясида қатнашган Қирғизистон Қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари эртага, 14 январь куни мамлакатдан чиқиб кетади. Бу ҳақда Қирғизистон Мудофаа вазирлиги маълум қилган.
“Тинчликпарвар ҳарбий контингент 14 январь куни Олма-отадан Тўқмоқ шаҳридаги доимий жойлаштириш пунктига етиб келади”, дейилади хабарда.
Қирғизистон 7 январь куни КХШТ таркибида Қозоғистонга 150 нафар тинчликпарвар аскарини жўнатди. Ўша куни Россия Аэрокосмик кучлари қўшни Республикага Мудофаа вазирлигининг “Скорпион” ҳарбий махсус кучларини, шунингдек, 19 та автомобиль ва зирҳли техникани жойлаштирди.
Маълумот ўрнида, КХШТ таркибига Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон киради.
Аввалроқ, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти тинчликпарвар кучларини Қозоғистондан олиб чиқиш 13 январь куни бошланиб, 10 кун давом этиши ҳақида хабар бергандик.
Эслатиб ўтамиз, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатлари муаммолари бўйича эксперт Семён Багдасаров Қозоғистон КХШТдан бир марталик резина маҳсулотдек фойдаланганини айтиб, келгусида яна мамлакатда шундай ҳолат бўлса, Россия мамлакатни тинчлантиришга кирмаслигини айтган эди.
LiveБарчаси