Қирғизистон пойтахтини кўчириш таклиф қилинди
Олам
−
23 Январь
14170Қирғизистонда пойтахтни Бишкекдан янги қирилаётган Асман шаҳрига кўчириш таклиф қилинди. Бундай таклифни Қирғизистон Жогорку Кенеши йиғилишида депутат Бахитбек Марипов илгари сурди.
Депутат тутунга қарши кураш масаласини кўриб чиқиб, ўз фикрини билдиришга қарор қилди. Унинг айтишича, Бишкекда "икки бошли ҳоким пайдо бўлган тақдирда ҳам" у пойтахтдаги тутун ва тирбандлик муаммосини ҳал эта олмайди.
“Иссиқкўл вилоятида Асман шаҳри қурилмоқда. Бунинг учун 10 миллиард доллар сармоя жалб этилмоқда. Бишкекдан темирйўлни кўчириш учун эса 550 миллион доллар талаб қилинади. Ва айланма йўл қурилиши билан бирга бу 1 миллиард доллардан ошади”, деди депутат.
Шунинг учун, унинг фикрича, Бишкекни кўчириш ва Вазирлар Маҳкамасини Асманга жойлаштириш керак. Шунда Бахитбек Мариповнинг сўзларига кўра, тирбандлик бўлмайди.
Қайд этиш жоиз, 2023 йилнинг декабрь ойида мамлакат Президенти Садир Жапаров мамлакат парламенти томонидан қабул қилинган “Қирғизистон Республикасининг давлат рамзлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонунни имзолаган эди. Қонун асосий давлат рамзларидан бири – мамлакат байроғини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган. Унга кўра, Қирғизистон байроғидаги қуёш нурларининг шакли тўлқинлидан тўғри чизиқларга ўзгартирилган.
Ўтган йили эса Қирғизистон парламенти спикери Нурланбек Шакиев давлат мадҳияси матнини ўзгартириш зарурлигини билдирган эди. Унинг фикрича, мадҳия ҳамма учун қулай, ритмик бўлиши керак. Шунда барча фуқаролар ёшидан қатъи назар уни исталган вақтда ва вазиятда осон ижро эта олади. Президент Садир Жапаров ҳам давлат мадҳиясини ўзгартиришни қўллаб-қувватлади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил ноябрь ойида Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён мамлакат пойтахтини Теҳрондан жанубий чегараларга, Форс кўрфази соҳилларига кўчириш бўйича ишлар бошланганини маълум қилганди.
LiveБарчаси