Қирғизистон парламенти спикери истеъфо берди

Олам

image

Қирғизистон Республикаси Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков истеъфога чиқди. Бу ҳақда "Достук" меҳмонхонасида бўлиб ўтаётган Жўқорғу Кенешнинг навбатдан ташқари йиғилишида маълум қилинди, деб ёзмоқда маҳаллий ОАВ. 

Ариза депутатлар томонидан кўриб чиқилади. 

Айни вақтда Бишкекдаги "Достук" меҳмонхонаси яқинида митинг бўлиб ўтмоқда. Мингга яқин намойишчилар кекса одамларнинг сиёсатдан кетишини талаб қилмоқда. 

Таъкидланишича, олтинчи чақириқ Жўқорғу Кенеш депутатлари депутатлари меҳмонхонада навбатдан ташқари сессия ўтказмоқдалар. Аммо кворум тўплашнинг имкони бўлмаган. Улар Садир Жапаровни қўллаб-қувватлаб, Бош вазирликка номзодини илгари сурмоқда. Яна бир гуруҳ халқ депутатлари Садир Жапаровнинг Бош вазир этиб тайинланишига қарши. 

Митинг ташкилотчилари провокацияларга берилмаслик ва хотиржам бўлишни сўрашмоқда. Намойишчилар орасидан бир нечта вакиллар депутатларни кўриш учун меҳмонхонага киришди. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. 

Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистондаги вазият Дастан Жумабеков

Баҳолаганлар

106

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг