Қирғизистон МХДҚнинг ваколатлари қисқарди
Олам
−
10 Февраль 12839 2 дақиқа
Қирғизистонда Чегара хизмати Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) таркибидан чиқарилиб, Давлат чегара хизмати сифатида мустақил давлат органига айлантирилди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Чегара хизмати қўмита бошқарув тизимига кириб, бевосита раҳбариятга бўйсунган.
Шунингдек, МХДҚнинг Тўққизинчи хизмати негизида Давлат муҳофаза хизмати ташкил этилмоқда. Янги тузилма бевосита Президентга бўйсунади ва давлат мансабдор шахслари ҳамда объектларини қўриқлаш учун жавоб беради.
Маълумот учун, Қирғизистон Республикаси Чегара хизмати турли йилларда бир неча бор бўйсунув мақомини ўзгартирган. 2012 йилда Чегара қўшинлари Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси таркибидан чиқарилиб, мамлакат раҳбариятига бевосита бўйсунувчи мустақил давлат органига айлантирилган. 2020 йил ноябрида эса Чегара хизмати яна МХДҚ тасарруфига ўтказилган. Бу қарор куч тузилмалари ислоҳоти доирасида қабул қилинган. Чегара хизмати раҳбари МХДҚ раисининг биринчи ўринбосари мақомини олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев истеъфога чиқарилгани, унинг ўрнини эса ўринбосари Жумгалбек Шабданбеков эгаллагани ҳақида хабар берилган эди.
Садир Жапаровнинг матбуот котиби Аскат Алагозов мазкур ўзгаришлар юзасидан баёнот берди. Унинг айтишича, Садир Жапаровнинг ушбу қарори давлат манфаатлари йўлида, жамиятда, жумладан, давлат тузилмалари ўртасида бўлинишнинг олдини олиш ва аксинча, бирликни мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинган.
Қайд этиш жоиз, сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбарининг бўлажак президентлик сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қамчибек Ташиев эса бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Live
Барчаси