Қирғизистон кам даромадли давлатлар рўйхатидан чиқди
Олам
−
23 Май
8319Қирғизистон ўз аҳолисининг турмуш даражасини сезиларли даражада яхшилашга ва даромади паст бўлган давлатлар рўйхатидан чиқишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Бишкекда бўлиб ўтган “Финтех ва барқарор ривожланиш: молия келажаги” халқаро молиявий форумида республика Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаров маълум қилди.
“Жаҳон банки маълумотларига кўра, биз аҳоли жон бошига номинал ялпи ички маҳсулотимиз бугунги кунда 2 минг доллардан ортиқ, паритет бўйича эса 6,5 минг долларга яқин бўлган мамлакатлар қаторидан чиқдик”, дейди у.
Унинг қайд этишича, ҳукумат бу билан тўхтаб қолмоқчи эмас ва кўп иш қилиш керак.
“Мамлакатимиз ҳам инсон капиталига, ҳам табиий ресурсларга бой, биз йирик транспорт ва геологик марказлар чорраҳасида жойлашганмиз”, дейди у.
Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг сўзларига кўра, Қирғизистонда давлат аллақачон иқтисодда етакчи куч ролини ўз зиммасига олган.
“Давлат иқтисодиётнинг қудратли локомотиви, нафақат нозик дирижёр, балки оркестримиздаги биринчи скрипка ролини ўйнайди. Лекин мен дарҳол айтмоқчиманки, бу роль фақат бошида бўлади. Парвоз ва орбитага чиқиш вақтида. Давлат капитализми даври вақт билан чегараланади”, дейди Жапаров.
Унинг сўзларига кўра, мамлакат ҳукумати ҳам банк сектори ишини фаоллаштириш орқали иқтисодий муваффақиятларга эришишга умид қилмоқда.
“Биз ҳақиқатан ҳам банк секторига ишонамиз, биз халқаро капитал бозорини ривожлантиришни энди бошлаяпмиз ва шуни айтмоқчиманки, ҳозирданоқ қизиқиш бор”, дейди ҳукумат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, жорий ой бошида “Global Finance” нашри томонидан эълон қилинган дунёнинг энг қашшоқ мамлакатлари рейтингида Тожикистон Марказий Осиёдаги энг камбағал давлат деб топилган эди. Тожикистон рўйхатдаги 190 давлат ичида 43-ўринда кўрсатилган. Қирғизистон эса 48-ўринни эгаллаган. Ўзбекистон эса ушбу икки мамлакатдан бой мамлакат сифатида эътироф этилиб, 67-ўринда кўрсатилган.Ўзбекистоннинг ЯИМ кўрсаткичи йилига киши бошига 10,9 минг долларни ташкил этган.
LiveБарчаси