Қирғизистон Бош вазири Кубатбек Боронов ҳам истеъфога чиқди. Ҳукумат бошига мухолифатчи келди
Олам
−
06 Октябрь 2020
15840Аввалроқ, Қирғизистон Республикаси парламенти – Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков истеъфога чиққани ҳақида хабар берган эдик. Жўқорғу Кенешнинг “Достук” меҳмонхонасида ўтказилаётган навбатдан ташқари йиғилишида депутатлар шундай қарорга келганди.
Мамлакатдаги беқарор вазият сабаб меҳмонхонада ўтказилаётган парламент йиғилишида яна бир муҳим қарор қабул қилинди. Қирғизистон Бош вазири Кубатбек Боронов ҳам истеъфога чиққанини маълум қилди. У мамлакат Презденти Сооронбай Жээнбеков номига ариза ёзган.
Боронов ўрнига мухолифатчи Садир Жапаров Қирғизистоннинг янги Бош вазири бўлди. Шунингдек, Жўқорғу Кенешнинг спикери этиб мухолиф "Бир бол" партияси вакили Миктибек Абдилдаев сайланди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди.
Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.
Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.
LiveБарчаси