“Қинғир ишнинг қийиғи”... Самарқандда ўғринча газ ва “свет”га уланган тадбиркор ушланди
3-саҳифа
−
04 Апрель 2023
9125Самарқанд вилоятида табиий манбаларга ўзбошимчалик билан уланиб, давлатга 5 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказган “тадбиркор” аниқланди. Бу ҳақда вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлари хабар берди.
Қайд этилишича, Каттақўрғон шаҳрида яшовчи фуқаро А.А. тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмасдан табиий газ ва электр энергиясига ноқонуний уланган. У қонунга хилоф тарзда газ ва электр манбаларига уланиб, 33 сотих ер майдонида 3 та оҳак цехи ташкил этган.
Аниқланишича, фуқаро А.А.нинг ноқонуний фаолияти фақат бир ҳудуд билан чекланиб қолмаган. Каттақўрғон туманининг “Гўзал” маҳалласи ҳудудида жойлашган 2 та уйда иккитадан жами 4 та печь ўрнатиб, мазкур ҳудудда ҳам табиий манбаларга ўзбошимчалик билан уланиб, ноқонуний оҳак ишлаб чиқариш билан шуғулланган.
Очиқланган қонунбузарлик ҳолатлари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан тегишли тартибда расмийлаштирилган. Етказилган зарарнинг дастлабки ҳисоби электр энергияси бўйича 110 миллион сўмни, табиий газ бўйича 5 миллиард сўмдан ортиқ миқдорни ташкил қилган.
“Ҳозирда аниқланган ҳолат юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш чоралари кўрилмоқда. Бу каби текширув тадбирлари эса давом эттирилмоқда”, дейилади вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлари берган маълумотда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 март куни Олий Мажлис Сенатининг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида сенаторлар Ўзбекистонда “свет”, газ ва сувдан ноқонуний фойдаланиш ўғрилик жинояти билан тенглаштирилиши бўйича қонунни маъқуллаган эди. 13 март кунидан эса мазкур қонун кучга кирди.
LiveБарчаси