Қатар ҳам 13 йилдан сўнг Дамашқдаги элчихонаси қайта очди
Олам
−
21 Декабрь
954Қатар элчихонаси Дамашқда 2011 йилда Сурияда юзага келган можаро сабабли дипломатик миссияни ёпганидан 13 йил ўтгач элчихонасини қайта очди. Бу ҳақда “Al Arabiya” хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 21 декабрь куни Дамашқдаги Қатар элчихонаси биноси устида амирлик байроғи кўтарилган. Дипломатик миссиянинг очилиш маросимида Қатарнинг Суриядаги муваққат ишлар вакили Халифа Абдулла Ал Маҳмуд аш-Шариф иштирок этган.
Дастлаб Қатар Ташқи ишлар вазирлиги 17 декабрда элчихонани қайта очиш қарори ҳақида хабар берган, лекин миссиянинг очилиши ҳақида расман эълон қилинмаган. Қатарнинг Суриядаги муваққат ишлар вакили лавозимига Халифа Абдулла Ал Маҳмуд аш-Шариф тайинланган. У аввал Ташқи ишлар вазирлигининг Африка департаментини бошқарган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурия пойтахти Дамашқдаги Туркия элчихонасида 12 йиллик танаффусдан кейин ушбу мамлакат миссияси ўз фаолиятини қайта бошлаган эди. Кейинчалик, Европа Иттифоқи ҳам Суриянинг янги расмийлари билан алоқаларни давом эттириш учун Дамашқдаги дипломатик ваколатхонасини қайта очишини эълон қилган.