“Ҳисорак” сув омборига нима бўлди?

Таҳлил

Кечаги тун қашқадарёликлар учун ваҳимали ва уйқусиз тун бўлди. Вилоятнинг Шаҳрисабз ва Китоб туманлари аҳолиси ярим тунда уй-жойини ташлаб, ўзлари яшаб турган ҳудуддан кетмоқчи бўлди. Гап шундаки, кеча, 10 июнь куни Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида жойлашган “Ҳисорак” сув омборидан сув сизиб чиқишни бошлаган. Бундан хабар топган одамлар кўп вақт ўтмай тоққа, баъзилари Тошкентга қараб йўл олган.

Воқеа қандай бошланди?

Кеча тунги соат 11 ларда ижтимоий тармоқларда “Ҳисорак” сув омборида ёриқ пайдо бўлгани, иншоотдан сув сизиб чиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироздан сўнг одамлар уйларини ташлаб кетаётгани акс этган видеотасвирлар ҳам пайдо бўла бошлади. Шундан кейин вазиятга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан расмий муносабат билдирилди.

“Бугун, 10 июнь куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида жойлашган “Ҳисорак ГЭС” УК бошқармасига қарашли “Ҳисорак” сув омбори тўғонининг чап тарафидан қўшимча туннель очиш мақсадида олиб борилаётган муҳандислик-техник тадбирлари вақтида сув сизиб чиқиши ҳолати кузатилган.

Авария оқибатини бартараф этиш мақсадида "Ўзбекгидроэнерго" АЖ бошқаруви раиси раҳбарлигида вилоят ҳокими, ФВБ, ИИБ бошлиқлари ва бошқа мутасадди ташкилотлардан иборат тезкор штаб тузилиб, махсус техникалар ёрдамида барча зарур муҳандислик тадбирлар олиб борилмоқда. Вазият Фавқулодда вазиятлар вазирлиги назоратида. Сув омборига шикаст етмаган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳурматли фуқаролар, ортиқча хавотирга ўрин йўқ. Вазият тўлиқ назоратга олинган”, деб ёзди вазирлик.

Шунингдек, Шаҳрисабз туман ҳокими ва Қашқадарё вилоят ФВБ бошлиғи ҳам видеомурожаат билан чиқиб, жиддий ҳодиса юз бермаганлигини маълум қилишди ва аҳолидан уй-жойларини ташлаб кетмасликни сўради.

“Ҳар йили ёз бошида “Ҳисорак” сув омборидан Қамаши туманидаги Чимқўрғон сув омборига сув йўналтирилади. Чунки чўл ҳудудларимизда пахта-ғалла кўп экилади. Тадбир бу йил ҳам бошланди. Бундан ташқари “Ҳисорак” сув омборида ҳар йили таъмирлаш ишлари ҳам олиб борилади. Таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Шунинг учун аҳолимиздан ёлғон ва ваҳимали маълумотларга ишонмасликларини сўрар эдик”, дейди туман ҳокими Самад Ҳасанов.

Шаҳрисабздаги маҳаллалардан бирининг профилактика инспектори одамларни уйдан чиқиб кетгач ўғирликлар кўпайиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

“Ҳеч қандай ваҳимага тушманглар сув омбор масаласи бўйича. Сув омборга бориб, ҳозир кўриб келдим, бетонлаб ташлади, озгинагина сув чиққан фақат. Уйни ташлаб, ўғрилик бўлиб, чопиб юрманглар. Ҳеч қанақа муаммоли нарса бўлгани йўқ, ваҳимага тушманглар, уйда бемалол дамни олаверинглар”, дейди маҳалла инспектори.

Ҳозир вазият қандай?

Фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев "Ҳисорак" сув омборидаги вазият бўйича сув омбори ёнида туриб расмий баёнот берди. QALAMPIR.UZ вазиятни янада ойдинлаштириш мақсадида Китоб туманидаги фуқаролар билан суҳбатлашди.

“Сувомбори ёрилганини эшитиб, эндигина нарсаларимизни йиғиштириб уйдан кетмоқчи бўлиб турган эдик. Фавқулодда вазиятлар ходимлари бизни тўхтатди ва ҳаммаси яхши эканини, агар бирон гап бўлса, ўзлари бизни эвакуация қилишини айтди. Биз яшайдиган маҳалладан ҳеч ким кетмади”, дейди китоблик қиз.

Шаҳрисабз тумани матбуот котиби эса шаҳрисабзликлар ҳозир ўз уйида экани, “Ҳисорак” сув омборида вазият барқарорлиги, ҳатто у ерда барпо этилган дам олиш масканлари ҳам иш фаолиятини давом эттираётганини айтди.

“Ҳисорак” сув омбори ҳақида маълумот

“Сардоба”дан фарқли равишда “Ҳисорак” сув омбори анча йил олдин, 1988 йилда қуриб битказилган. Сув омбори Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидан 35 км узоқликда Мироқи шаҳарчасида жойлашган. Ушбу гидроиншоот Шаҳрисабз, Чироқчи, Китоб ва Яккабоғ туманларини сув билан таъминлайди. Сув омбор умумий ҳажми 170 млн м³ бўлиб, фойдаланиладиган қисми 161,6 млн м³ ни ташкил этади. Сув омбори шимолдан жанубга 1,7 км, шарқдан ғарбга 4,0 км масофани эгаллайди. “Ҳисорак”нинг тош-тупроқли тўғони узунлиги 666 метр, баландлиги 138 метр, сув юзаси 4,2 км², сув чиқарувчи иншоотнинг сув ўтказиш имконияти 200 м/с ни ташкил этади.

Шу ўринда айтиш керак, сув омбори ҳақида ёлғон ахборот тарқатганлар бирин-кетин жавобгарликка тортилмоқда. Ижтимоий тармоқларда сув омбори билан боғлиқ вазият фонида ёлғон ахборот тарқатганлар узр сўраб чиқмоқда. 

 


Мақола муаллифи

Теглар

Қашқадарё Ҳисорак

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made