Қашқадарёда Сурияга кетмоқчи бўлган фуқаро ушланди – ДХХ
3-саҳифа
−
23 Апрель 2022
9285Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида яшовчи Сурияга кетиб, жангарилар сафига қўшилиш истагидаги фуқаро ушланди. Бу ҳақда ДХХ Матбуот хизмати хабар берди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ўтказган тадбирда маълум бўлишича, 1998 й.т. Қ.Т. 2020-2021 йиллар давомида Россия Федерациясида ишлаганда ижтимоий тармоқлар орқали “Жиҳодчилар” диний экстремистик оқими аъзолари таъсирига тушиб қолиб, уларни қўллаб-қувватлаган.
Жумладан, у Tik-Tok, Likee, Instagram ижтимоий тармоқларида шахсий профиллар очиб, унга халқаро террористик ташкилотлар ва диний экстремистик оқимларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган “Абу-Салоҳ”, “Абдуллоҳ Зуфар”, “Абдуллоҳ Бухорий”, “Содиқ Самарқандий” ва бошқаларнинг “жиҳод”, “ҳижрат” ҳамда “шаҳид”ликка чорловчи маърузаларини жойлаштириб, тарғибот ишларини олиб борган.
Шунингдек, 2021 йилнинг декабрь ойида РФдан доимий яшаш манзилига қайтиб келганидан сўнг, ҳамқишлоқлари орасида ҳам оқим ғояларини фаол тарғиб қилган.
Бундан ташқари, Қ.Т. Суриядаги жангарилар билан алоқа ўрнатиб, уларнинг йўл-йўриқлари ҳамда кўрсатмалари асосида Россия ва Туркия орқали жангарилар сафига бориб қўшилишини режалаштирган.
Экспертиза хулосасига кўра, Қ.Т. томонидан тарқатиб келинган диний мазмундаги материаллар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган бўлиб, уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тарқатиш ва сақлаш тақиқланган.
Қайд этилишича, ҳозирда Қ.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.