Қашқадарёда ҳайдовчи ЙПХ ходимини видеога олиб, тармоққа жойлагани учун қамалди (видео)
3-саҳифа
−
10:47 2435 1 дақиқа
Қашқадарёда ЙПХ ходимининг хизмат фаолиятига оид видеони ижтимоий тармоқда тарқатган фуқарога 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, фуқаро жорий йил июнь ойида ЙПХ ходимининг тўхташ ҳақидаги ишорасига бўйсунмай, ҳаракатини давом эттирган. Шу ҳолат юзасидан унга нисбатан баённома расмийлаштирилган.
Шундан сўнг фуқаро ЙПХ ходимига оид видеони ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлаган.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195-2-моддаси (Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фото ва (ёки) видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш) биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари бўйича иш қўзғатилиб, кўриб чиқиш учун Қарши шаҳар жиноят ишлари бўйича судига юборилган.
Суд кеча, 24 сентябрдаги қарори билан ҳайдовчига нисбатан мазкур модда асосида 10 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган.
Судда фуқаро қилган ишига иқрор бўлиб, пушаймонлигини билдирган ва бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда йўл-патруль хизмати инспекторининг қўлини автомобиль ойнаси орасида қисиб, машинани бошқариб кетган ҳайдовчи қамоққа олингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси