Қаршида маст ҳолатда пиёдани уриб юборган ҳайдовчи қамалди
3-саҳифа
−
19 Февраль
3661Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида маст ҳолда 3 кишини уриб юбориб, улардан бирининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 2 йилга қамалди. Бу ҳақда “Замон” хабар берди.
Маълум қилинишича, Қарши шаҳрида маст ҳолатда бўлган Damas ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган эр-хотин ва уларнинг боласини уриб юборган. ЙТҲ оқибатида эркак вафот этган.
“Сени бир йил кўролмайман. Мазза қилиб айланиб келайлик. Уй оламиз, бошқа нарса оламиз деб хурсанд бўлиб кетаётгандик. Биринчи “пешеход”дан ўтдик, иккинчисида эса авария бўлдик. Тарсиллаган, чирсиллаган овозни эшитдим, авария кўз олдимда бўлди, лекин ҳеч нимани эслолмайман. Фақат эримнинг ётганини кўрдим, ўғлимнинг қаерга учиб кетганини кўрганим йўқ. Ҳайдовчи машинасидан чиқиб келганида уни урдим, кейин ўғлимни қўлимга келтириб беришди”, дейди марҳумнинг аёли суд мажлисида.
Шу билан бирга, суд жараёнида ҳайдовчи кучли маст ҳолатда бўлганидан нима учун Қаршига борганини эслолмаслигини билдирган. У, шунингдек, айбига иқрорлиги ва суддан ўзига енгиллик беришни сўраган. Аёл эса даъвоси йўқлиги, ҳайдовчига қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни илтимос қилган.
Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди ҳайдовчига нисбатан 2 йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда Gentra йўл четида турган 2 пиёдани уриб юборганди. Ҳодиса оқибатида пиёдалар жароҳат олиб, зудлик билан шифохонага етказилган.
Моҳимбегим Маъруфалиева
LiveБарчаси