Қаршида 21 ёшли қиз операциядан кейин вафот этди

3-саҳифа

−

image

Қашқадарё вилоятида гипофиз бези ўсмасини олиб ташлаш бўйича операция ўтказилган 21 ёшли қиз 10 кундан кейин вафот этди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, 2005 йилда туғилган Л.М. жорий йилнинг 14 октябрь куни гипофиз аденомаси ташхиси билан Қашқадарё вилоят кўп тармоқли шифохонасининг нейрохирургия бўлимига ётқизилган.

Қайд этилишича, қизни бир неча йилдан буён нафас олиш қийинлашиши, бўй ўсишининг ортда қолиши, қўл ва оёқ бармоқларининг йўғонлашиши каби аломатлар безовта қилиб келган. Текширувлар давомида унинг гипофиз безида катта ўлчамдаги ўсма аниқланган. Гормонал таҳлиллар эса ўсиш гормони миқдори меъёрдан сезиларли даражада юқори эканини кўрсатган.

Шундан сўнг, жорий йилнинг 16 октябрь куни Тошкентдан келган мутахассис иштирокида бурун орқали эндоскопик усулда гипофиз бези ўсмасини олиб ташлаш операцияси бажарилган.

Соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, операциядан кейин бемор шифокорлар назоратида бўлган. 19 октябрь куни ўтказилган текширувда ҳеч қандай асорат аниқланмаган. Бироқ 20 октябрь куни беморнинг аҳволи кескин оғирлашган. Унда артериал қон босими кўтарилиши, ҳуш, нафас олиш ва юрак фаолиятининг бузилиши кузатилган. Шифокорлар томонидан интенсив даволаш муолажалари олиб борилганига қарамай, жорий йилнинг 26 октябрь куни қиз вафот этган.

Билдирилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширув натижалари бўйича қўшимча маълумот берилиши билдирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳрида бурун операциясига кирган 16 ёшли қиз шифохонада вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг