“Қамчиқ” довонида ҳаракатланаётган ҳайдовчилар огоҳлантирилди
Жамият
−
13 Ноябрь
6533“Қамчиқ” довонида ёмғир ва қор ёғаётгани сабабли ҳайдовчиларда тезликни меъёрдан оширмаслик сўралди. Бу ҳақда "Қамчиқавтойўл ИЙФК" хабар берди.
Қайд этилишича, А-373 “М-39 а/й.- Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон ва Андижон орқали Ўш” автомобиль йўлининг 171-205 километрлари ва 258-294 километрлари оралиғида ёмғир, 205-258 километрлари оралиғида қор ёғмоқда.
Туман, ҳаво ҳарорати -2 даража, йўлларда кўриш масофаси 900 метрни, шамол 3-10 м/с, намлик 87 фоизни ташкил этмоқда. Қор ёғиб турган пайтда довонда автотранспорт воситаларининг тўхтовсиз икки томонлама ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида “Қамчиқавтойўл ИЙФК” ДМ томонидан йўл қопламасида сирпанчиқ бўлмаслиги учун туну-кун машина-механизмлар ёрдамида йўл қопламасини қордан тозалаш ва қум-туз аралашмаси сепиш ишлари амалга оширилмоқда. Автотранспорт воситалари икки томонлама хавфсиз ҳаракатланмоқда.
“Қамчиқ” довони орқали ҳаракатланаётган барча ҳайдовчилардан об-ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда тезликни меъёрдан оширмасдан, оралиқ масофани сақлаб ҳаракатланишларини ва барча хавфсизлик чораларини кўришларини тавсия қиламиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 6 ноябрь куни соат 4:55 ларда А-373 автомобиль йўлининг “Қамчиқ” довони ҳудудидан ўтувчи 238,5-километрида кўчки юз берганди. “Водий – Тошкент” йўналишида тоғ қиялигидан ёғингарчилик натижасида намланиш ҳисобига номустаҳкам тош – тупроқ аралашмаси кўчкиси кузатилган. Кўчки йўлнинг хандақ қисмига тушган бўлиб, ҳаракат хавфсизлигига таъсир етмаган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.