“Қамчиқ”да фура буткул ёниб кетди (видео)
3-саҳифа
−
16 Апрель 2025 5559 1 дақиқа
“Қамчиқ” довонида DAF русумли юк машинаси ёниб кетди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча, 15 апрель куни соат 22:41 да “Қамчиқ” махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси навбатчилик қисмига довондан ўтган А-373 Тошкент-Ўш автомобиль йўлининг Водий-Тошкент йўналишида ҳаракатланган DAF русумли юк машинасида ёнғин содир бўлгани тўғрисида хабар тушган.
Зудлик билан айтилган манзилга соат 22:50 да “Қамчиқ” махсус қидирув ёнғин-қутқарув бошқармасидан 2 та экипаж етиб борган. Соат 22:53 да ёнғин қуршаб олинган ва 23:13 да тўлиқ бартараф этилган.
Билдирилишича, ёнғиннинг сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмаган. “Қамчиқ” довонида автомобилларнинг икки томонлама ҳаракати давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ А-373 “Тошкент–Ўш” автомобиль йўлининг “Қамчиқ” довони қисмида “Тошкент–Водий” йўналишида ҳаракатланган Changan русумли автотранспорт воситасида ёнғин юзага келган эди. Ёнғин туфайли автотранспорт воситасининг салон қисми ҳамда юкхонаси ёниб зарарланган. Тезкор ҳаракатлар натижасида юкхонада бўлган 18 та велосипеддан 9 таси ва 4 та электроскутердан 1 таси ёнғиндан сақлаб қолинган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар қайд этилмаган.