Ижарага берилган ерни 60 минг долларга сотишга уринган шахс ушланди
3-саҳифа
−
14:47 1423 1 дақиқа
Наманган вилоятида ижарага берилган ерни 60 минг долларга сотишга уринган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Қайд этилишича, фуқаро Қ.Ш. нинг Наманган вилояти ИИББ ЖҚБ Ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлинмасига қилган мурожаатига асосан вилоят прокуратураси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро Ғ.Р. Чуст туманидаги “Р.Ж.” фермер хўжалиги тасарруфида бўлган сабзавот етиштириш ва боғдорчилик фаолиятини ташкил этиш учун 49 йил муддатга ижарага берилган 5 гектар ер майдонини фуқаро Қ.Ш. га 60 000 АҚШ долларига сотишини ҳамда мазкур ернинг 8 сотих қисмига Чуст тумани ҳокимлигида ишловчи танишлари орқали турар жой тоифасига ўтказишга рухсатнома олиб беришини айтган. У келишилган пул ҳисобидан бўнак (аванс) тариқасида 30 000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб боришга киришилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида уйида қиморхона ташкил қилган 53 ёшли шахс қўлга олинган эди.
Live
Барчаси