Истанбулдаги террорчилик амалга оширганлар оғир бадал тўлайди – Туркия
Олам
−
15 Ноябрь 2022
6838Истиқлол кўчасидаги ҳужумни амалга оширган террорчилар оғир бадал тўлайди. Бу ҳақда Туркия Миллий мудофаа вазирлигининг бугун, 15 ноябрь куни эълон қилган баёнотида сўз борган.
Мудофаа вазирлиги Истанбулдаги терактда ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган.
“Террор ташкилотлари, жумладан Курдистон Ишчилар партияси (КИП) нафақат турк халқининг, балки бутун инсониятнинг душмани эканини тан олишдан ҳалигача бош тортаётганлар бор. Шимолий Ироқ ва Сурияда бурчакка қамаб қўйилган ва турк ҳарбийларига очиқ қаршилик кўрсатишга журъат этмаган КИП жангарилари ўзларининг пасткашликларини дунёга қайта-қайта намойиш қилдилар”, дейилади хабарда.
Мудофаа вазирлиги Истанбулнинг бегуноҳ тинч аҳолисига ҳужумни амалга оширган террорчилар оғир бадал тўлашига ишонтирди.
“Террорчилар Туркия ва унинг атрофидаги минтақаларда йўқ қилинади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 ноябрь куни тушдан кейин Истанбулнинг Бейўғли туманидаги сайёҳлар гавжум ва машҳур Истиқлол кўчасида кучли портлаш содир бўлди. Расмий маълумотларга кўра, портлаш оқибатида олти киши ҳалок бўлган, 80 дан ортиқ киши жароҳатланган. Жароҳатланганларнинг 50 нафарига шу куннинг ўзида шифокорлар уйга кетишга рухсат берган. 31 киши шифохонага жойлаштирилган. Улардан беш нафарининг аҳволи оғир, 2 нафари ўтар оғир аҳволда. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған воқеада террор изи борлигини айтди.
Теракт содир этилганидан 10 соат ўтиб, терактнинг ижрочиси – араб миллатига мансуб аёл Аҳлам ал-Башир Истанбул полицияси томонидан қўлга олинди. Тергов давомида у АҚШдан келган инструкторлар раҳбарлигида террорчилик машғулотларидан ўтганини тан олди.
LiveБарчаси