Истанбулдаги терактга алоқадорликда гумон қилинаётган маҳбуслар сони 50 нафарга етди
Олам
−
15 Ноябрь 2022
4075Истанбулнинг Истиқлол кўчасида содир этилган терактга алоқадорликда гумон қилиниб ҳибсга олинганлар сони 50 нафарга етди. Бу ҳақда ТРТ телеканали маҳаллий хавфсизлик бошқармасига таяниб хабар берди.
Бу маълумотни журналистларга Туркия Адлия вазирлиги раҳбари Бакир Бўздоғ ҳам тасдиқлаган.
Аввалроқ 48 киши, жумладан, ҳужумни содир этган Сурия фуқароси ҳибсга олинган эди.
Сўроқ пайтида террор ҳужумини содир этганини тан олган Аҳлам ал-Башир Суриянинг Кобани шаҳрида террорчилик машғулотларидан ўтган. Унинг сўзларига кўра, уни АҚШдан келган инструкторлар ўқитган. Шунингдек, у Туркияда тақиқланган Курдистон Ишчилар партиясининг (КИП) Сурия бўлими етакчиларидан бири зўравонликларни амалга оширишга буйруқ берганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 ноябрь куни тушдан кейин Истанбулнинг Бейўғли туманидаги сайёҳлар гавжум ва машҳур Истиқлол кўчасида кучли портлаш содир бўлди. Расмий маълумотларга кўра, портлаш оқибатида олти киши ҳалок бўлган, 80 дан ортиқ киши жароҳатланган. Жароҳатланганларнинг 50 нафарига шу куннинг ўзида шифокорлар уйга кетишга рухсат берган. 31 киши шифохонага жойлаштирилган. Улардан беш нафарининг аҳволи оғир, 2 нафари ўтар оғир аҳволда. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған воқеада террор изи борлигини айтди.
LiveБарчаси