Истанбулда қалбаки алкоголь сабаб вафот этган ўзбекистонликлар сони яна ошди
Олам
−
18 Январь
3858Кеча, 17 январь куни Туркия ҳудудида қалбаки спиртли ичимлик истеъмол қилиш оқибатида яна 3 нафар Ўзбекистон фуқароси (барчаси эркак) вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Жорий йил 18 январь ҳолатига кўра, спиртли ичимликдан заҳарланиш сабабли вафот этган ўзбекистонликларнинг умумий сони 17 нафарга етди.
Қайд этилишича, Бош консулхона томонидан қалбаки спиртли маҳсулотларни истеъмол қилиш оқибатида вафот этганларнинг жасадларини Ўзбекистонга юбориш учун зарур ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда ҳамда оила аъзоларига керакли ёрдам кўрсатилмоқда. Шу билан бирга, Истанбул ҳудудидаги шифохоналарнинг жонлантириш бўлимларида қалбаки спиртли ичимликдан заҳарланиб, даволанаётган Ўзбекистон фуқаролари сони 5 нафарга етган. Консулхона ходимлари уларнинг ҳолидан хабар олиб, уларнинг яқинлари ва шифохона маъмурияти билан доимий алоқада бўлиб турибди.
“Бош консулхона дипломатлари мазкур ҳолат юзасидан Истанбул ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси, суд-тиббий экспертиза маркази ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан мунтазам алоқада бўлиб турибди”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, баъзилар заҳарланган бўлса-да, уй шароитида даволанишга ҳаракат қилиб, шифохонага бормаган ҳолатлар ҳам аниқланган. Уларга мурожаат қилинганда шифохонага бориш моддий жиҳатдан қимматга тушиши мумкинлигини айтган. Бироқ кейинчалик бундай қарорлар буйрак фаолиятининг ишдан чиқиши, кўриш қобилиятининг ёмонлашиши ва нафас олишда муаммолар юзага келишига олиб келмоқда.
“Ҳар қандай ҳолатда ҳам заҳарланиш аломатлари сезилганда 112 қисқа рақами орқали тез тиббий ёрдам чақиртирилиши ҳамда шифохонанинг “қизил ҳудуди” (“kırmızı alan”) орқали қабул қилиниши лозим. Бу хизмат бепул эканлигини эслатиб ўтамиз”, дейилади хабарда.
Бош консулхона барча фуқароларни эҳтиёт чоралари кўришга, шахсий хавфсизликка риоя қилишга ва зарур ҳолларда Бош консулхонага мурожаат қилишга чақирган. Улар билан узлуксиз алоқани таъминлаш мақсадида консулхонанинг қуйидаги мобил алоқа рақами +90 553 541 17 17 24/7 режимида ишламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия ҳудудида қалбаки спиртли ичимлик истеъмоли оқибатида яна 4 нафар Ўзбекистон фуқароси (барчаси эркак) вафот этиб, уларнинг умумий сони 14 нафарга етгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси