Истанбулда дунёни очлик ва қимматчиликдан қутқарадиган муҳим музокара бошланди

Олам

image

Бугун, 13 июль куни Истанбулда Украина донини экспорт қилиш бўйича тўрт томонлама йиғилиш бошланди.   

Унда Россия Федерацияси, Туркия, Украина ҳарбий делегациялари ҳамда БМТ вакиллари иштирок этмоқда. Учрашув қаерда ўтаётгани очиқланмаган ва матбуот учун ёпиқ эшиклар ортида ўтказилмоқда. Унинг натижаларига кўра Туркия Мудофаа вазирлиги баёнот бериши кутилмоқда. 

CNN Türk телеканали хабарига кўра, учрашув ҳарбий объектлардан бирида бўлиб ўтмоқда. 

“Habertürk” манбаларининг қайд этишича, Туркия музокараларда Қора денгиздаги миналардан тозалаш жараёнининг кафолати сифатида ҳаракат қилиш ниятида, бу музокараларнинг асосий мақсади – дон экспорти учун хавфсиз йўлакларни шакллантириш ва тегишли мувофиқлаштириш марказини яратишга эришиш.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал-лейтенант Игорь Конашенковга кўра, Россия Туркиядаги музокараларда Қора денгиз портларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишни ташкил этиш масаласини имкон қадар тезроқ амалий ҳал этиш бўйича таклифлар пакетини кўриб чиқиш учун тақдим этган. 

“Россия делегация ушбу масалани имкон қадар тезроқ амалий ҳал этиш бўйича таклифлар тўпламини тайёрлаб, кўриб чиқиш учун тақдим этди”, дейди Конашенков.

Маълумот учун, 8 июнь куни Россия ва Туркия ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Мавлуд Чавушўғли Анқарада бўлиб ўтган музокараларда “Дон йўлаги”ни яратиш масаласини муҳокама қилдилар. Россия Президенти Владимир Путин аввалроқ Киев ўз портларини миналардан тозаласа, Москва Украина донини олиб кетаётган кемаларнинг тўсиқсиз ўтишини кафолатлаши, Бердянск ва Мариупол каби Россия назоратидаги портлар орқали товарлар экспорт қилинишини таъминлаши мумкинлигини айтган эди. У жаҳон озиқ-овқат бозоридаги муаммолар 2020 йилнинг февралида бошланганини эслатиб, Россиянинг Украина портларида донни тўсиб қўйгани ҳақидаги баёнотларни фейк деб атади. 

Туркия ҳукумати Украина ғалласини Қора денгиз орқали етказиб бериш учун хавфсизлик кафолатларини таъминлаши мумкинлигини маълум қилди. ТРТ телеканали ўтган ҳафта Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маъмуриятидаги манбаларга таяниб, Украина ғалласини етказиб бериш бўйича йўл харитасини амалга ошириш механизми 80-90 фоиз тайёр эканлигини ва тегишли келишувларга эришилса, у амалга оширилиши мумкинлигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Россия-Украина уруши Украинага босқин Дон йўлаги

Баҳолаганлар

115

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг