Истанбул ва Анқарани қайтариб олишга Эрдўғаннинг қурби етадими?
Олам
−
20 Декабрь 2023
17117Президент Ражаб Тойиб Эрдўған бошчилигидаги Туркиянинг ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партиясидан Истанбул мэрлигига номзод 15 январь куни эълон қилинади. Бу сана тасодифан танланмаган, чунки бу Туркия раҳбарининг сиёсий фаолияти тарихи билан боғлиқ, деб ёзади “Cumhuriyet” газетаси.
Нашрнинг ўз манбаларига таяниб ёзишича, Эрдўғаннинг 15 январни танлашига 1994 йилнинг айнан шу куни Туркиянинг энг йирик шаҳри мэри этиб сайлангани сабаб бўлган.
“Бу билан Эрдўған ўзи ғалаба қозонган сайловлар билан ўзи етакчилик қилаётган “Адолат ва тараққиёт” партияси номзоди ғалаба қозонадиган бўлажак сайловлар ўртасида ўхшашлик ўрнатмоқчи”, деб ёзган нашр.
Қайд этилишича, Туркиянинг ҳукмрон партияси 27 декабрдан бошлаб бошқа шаҳарлар мэрлигига номзодларни эълон қила бошлайди.
Истанбул мэрлигига мухолифат номзоди шаҳарнинг амалдаги раҳбари Экрем Имомўғли бўлади. У “Жумҳурият Халқ” партияси вакили. Пойтахт Анқарада бу лавозим учун Республикачилар партиясидан ҳозирги шаҳар ҳокими Мансур Яваш курашади. Эрдўғаннинг партияси Туркия пойтахти мэри лавозимига ўз номзодини ҳали эълон қилгани йўқ.
Истанбул ва Анқара 31 мартга белгиланган муниципал сайловларда “Адолат ва тараққиёт” партияси ва мухолифат учун муҳим шаҳарлардир. “Адолат ва тараққиёт” партияси 2019 йилдаги сайловда Туркиянинг 11 та асосий шаҳрида муваффақиятсизлик учун мухолифатдан ўч олиш ниятида. Ҳукмрон альянснинг сиёсий мухолифлари олдинги ютуқларини ҳимоя қилишга қатъийликларини эълон қилишмоқда.
Туркия Марказий сайлов комиссияси маҳаллий сайловларни октябрь ойида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди. Жорий йилнинг 15 декабрь куни ҳукумат газетаси янгиланган сайлов тақвимини эълон қилди, унга кўра республикада сайлов кампанияси расман 1 январдан бошланади ва 30 мартгача давом этади. Сайловчилар рўйхати 17 январь куни охиригача янгиланиши керак.
LiveБарчаси