Иссиқлик корхонаси ҳисоблаган 4 млрд сўм асоссиз қарздорлик бекор қилинди
Жамият
−
30 Август
2606Фарғона вилояти “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш давлат бошқармаси томонидан кўрсатилмаган хизматлар учун ҳисобланган 4 млрд 173 млн сўмдан ортиқ асоссиз қарздорлик бекор қилинди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ўрганишларда иситиш мавсуми давомида кўп қаватли уйларга иссиқлик таъминотини етказиб берувчи марказий тармоқларнинг иситиш қозонхоналарида авария ҳолатлари (таъминот узилиши) содир бўлган вақтларда ҳамда табиий газ босими пастлиги ва бошқа асосли сабабларга кўра, аҳоли хонадонларига етарли даражада иссиқлик таъминоти етказиб берилмаганлиги, шунингдек, таъминотчи корхона билан тузилган шартномаларнинг тегишли бандларига асосан қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилганда 6146 нафар истеъмолчининг хонадонларига 4 млрд 173 млн сўмдан ортиқ нореал дебитор қарздорликлар ҳисобланганлиги аниқланган.
Юқоридагиларга кўра, ишни кўриб чиқиш якуни бўйича Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармаси томонидан мазкур ҳолат юзасидан вилоят “Иcсиқлик манбаи” ишлаб чиқариш давлат бошқармасига истеъмолчиларга ҳисобланган 4 млрд 173 млн сўмдан ортиқ асоссиз қарздорликни бекор қилиш юзасидан кўрсатма берилди. Амалга оширилган ишлар натижасида таъминотчи корхона томонидан кўрсатилмаган хизматлар учун ҳисобланган қарздорликлар бекор қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖга нисбатан иш қўзғатилган эди.
LiveБарчаси