Исроилнинг Ғазога ҳужумида 4 яшар бола ҳалок бўлди
Олам
−
10:14 385 2 дақиқа
Исроил армиясининг кеча, 23 август куни Ғазо секторига берган икки ҳаво зарбаси оқибатида камида 2 киши, жумладан, 4 ёшли бола ҳалок бўлди, яна 7 киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, зарбалардан бири Ғазо марказидаги Завайда шаҳрида жойлашган бинога берилган. Маҳаллий аҳолига кўра, ҳужумдан олдин Исроил армияси бино эгаларини ҳудудни тарк этиш ҳақида огоҳлантирган. Зарба оқибатида сочилган бетон ва металл бўлаклари камида 6 кишини жароҳатлаган, улар орасида 4 ёшли Муҳаммад Абдул-Салом Тоха ҳам бўлган. У шифохонада вафот этган.
Маълум қилинишича, иккинчи зарба Нусайрат қочқинлар лагерига берилган. Исроил армияси ҳужумлар бўйича текширув олиб бораётганини билдирган. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху идораси эса Ғазодан Исроил томон дронлар, шарлар ва қоғоз учирмалар учирилгани сабабли зарбалар кучайтирилиши мумкинлигини маълум қилган.
2025 йил октябрда АҚШ воситачилигида эришилган ўт очишни тўхтатиш келишуви асосий жангларни тўхтатган бўлса-да, Исроилнинг Ғазога зарбалари давом этмоқда. Ғазо соғлиқни сақлаш идоралари маълумотига кўра, келишув кучга кирганидан бери ҳудудда 1 280 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, Исроил армияси эса 4 нафар ҳарбийи ҳалок бўлганини билдирган.
Ғарбий соҳилда ҳам вазият кескинлигича қолмоқда. Жерихо яқинида исроиллик эркак пичоқланган ва жароҳатланган, Наблус яқинидаги Аскар қочқинлар лагерига рейд вақтида эса Исроил кучлари 14 ёшли фаластинлик Ислом Ажжурийни отиб ўлдиргани хабар қилинган. Исроил армияси ушбу ҳолатни ўрганаётганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) 2024 йилнинг январида Ғазо секторида ҳарбийлар беш яшар Ҳинд Ражаб ва унинг оиласининг 6 нафар аъзоси бўлган автомобилга қарата ўт очганини расман тан олганди.
Live
Барчаси