Исроилга ҳужум оқибатида 600 дан ортиқ киши ҳалок бўлди
Олам
−
08 Октябрь 2023
16336ҲАМАС ҳаракатининг Ғазо секторидан уюштирган ҳужумидан сўнг ҳалок бўлган исроилликлар сони 600 дан ошди, 2000 дан ортиқ киши жароҳат олди. Бу ҳақда Kan давлат телерадиокомпанияси хабар берди.
Исроил расмийларига кўра, бу рақамлар якуний эмас, ўлганлар ва ярадорлар сони кўпайишда давом этади.
Йўқолган ва ўғирлаб кетилгани тахмин қилинаётган шахслар рўйхатига аниқлик киритилмоқда.
Мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинган, Исроил Бош вазири содир бўлаётган воқеаларни уруш деб атаб, заҳирадагиларни сафарбар этилишини эълон қилган.
Бундан ташқари, Исроил Мудофаа кучларининг 26 нафар аскари, жумладан полковник, подполковник ва майор ҳалок бўлди. 400 га яқин ҲАМАС жангчиси йўқ қилинган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади. Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди.