Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” сулҳни узайтирмоқчи – “Bloomberg”
Олам
−
23 Январь
1186Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ва Исроил ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув муддати келаси ҳафта тугайди. Лекин сулҳ муддати узайтирилиши мумкин. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Bloomberg” хабар берди.
Ливан, Исроил ва Франция расмийларига кўра, “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил сулҳ шартларини тўлиқ амалга ошириш учун кўпроқ вақтга муҳтож ва ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаш нияти йўқ. Исроиллик юқори мартабали дипломатнинг айтишича, томонлар 27 январь куни якунланадиган сулҳни узайтириш масаласини муҳокама қилмоқда, чунки улар можаронинг қайта бошланишини олдини олишни истаяпти. Исроил ва Ливан ўртасида дипломатик муносабатлар мавжуд бўлмагани сабабли, улар бевосита музокаралар ўтказа олмайди. Шу сабабли музокараларда Ливан, Исроил ва Франция вакиллари воситачилик қилмоқда.
Нашрнинг ёзишича, Ливандаги сулҳ режими ноябрь ойидан бери амал қилиб келаётган бўлса-да, “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил унинг шартларини бузганликда бир-бирини айблашда давом этмоқда. 2024 йил 27 ноябрда кучга кирган келишувда Ливан армиясининг жанубий чегарага БМТ тинчликпарварлари кўмагида жойлаштирилиши ва “Ҳизбуллоҳ” қуролли гуруҳларининг Литани дарёси ортига чекиниши кўзда тутилган эди. Бунга жавобан, Исроил жанубий Ливанда олиб бораётган қуруқлик операциясини тўхтатиб, ўз қўшинларини 60 кун ичида минтақадан олиб чиқиши керак эди. 2025 йил 21 январь куни Ливан Президенти генерал Жозеф Аун ушбу келишувга биноан Исроил армияси 27 январгача Ливан жанубий ҳудудларини тарк этиши лозимлигини эслатиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўт очишни тўхтатишга рози бўлгач, Ливаннинг кўчирилган оилалари уйга қайтишни бошлагани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси