Исроил тақиқидан сўнг Гутерриш Эрон ҳужумини қоралади
Олам
−
03 Октябрь
7599Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида Эроннинг Исроилга қарши ҳужумини қоралади. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Аввалроқ Исроил БМТ Бош котибини "персона нон грата" деб эълон қилганди ва унга мамлакатга киришни тақиқлаганди. “The Jerusalem Post” нашрининг ёзишича, Исроил расмийлари Гутерришнинг Эроннинг ракета ҳужумини “шак-шубҳасиз қоралай олмагани”ни ҳисобга олиб, шундай қарорга келган. Шундан сўнг Гутерриш Хавфсизлик Кенгаши йиғилишидаги ўз нутқида Эрон ноҳақ эканлигини айтган.
“Апрелдаги Эрон ҳужумида бўлгани каби, мен кеча Эроннинг Исроилга уюштирган йирик ракета ҳужумини яна кескин қоралайман”, деди у БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Яқин Шарқ бўйича йиғилишида.
Қайд этиш жоиз, 1 октябрь куни кечқурун Эрон ҲАМАС, “Ҳизбуллоҳ” ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси етакчиларининг ўлдирилишига жавобан Исроилга йирик ракета ҳужуми уюштирди. Теҳроннинг айтишича, ракеталарнинг 90 фоизи мўлжалланган нишонларни муваффақиятли урган, Исроил эса Эрон 180 га яқин ракета учиргани ва уларнинг аксарияти тутиб олинганини даъво қилмоқда.
"Ҳужум Фаластин халқини қўллаб-қувватлаш ёки уларнинг азоб-уқубатларини камайтириш учун ҳеч нарса қилмади", деган БМТ Бош котиби
23 сентябрь куни Исроил “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати тузилмаларига қарши “Шимолнинг ўқлари” операциясини бошлаб юборди ва бу операция давомида ҳаракатнинг ҳарбий нишонларига кенг кўламли ҳаво ҳужумларини амалга оширди. 27 сентябрь куни берилган зарбалардан бири оқибатида “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ҳалок бўлди.
“Ҳизбуллоҳ” ҳаракати унинг ўлимини тасдиқлади ва Исроилга қарши туришни давом эттиришга ваъда берди. Исроил армияси эса Ливан жанубидаги чегара ҳудудларида чекланган қуруқликдаги операцияни эълон қилди.
Исроил ҳужумидан кейинги илк изоҳларида Гутерриш Эрон ёки Исроилни тилга олмай, Яқин Шарқ можаросининг кенгайишини қоралаганди.
Эслатиб ўтамиз, яқиндагина Исроил Ташқи ишлар вазири Исроил Кац БМТ Бош котиби Антониу Гутерришни "персона нон грата" деб эълон қилганди.
Муҳаммад Ҳодиев