Исроил Мадримов Фьюри ва Усик андеркардида жанг қилиши мумкин
Спорт
−
01 Сентябрь
15455Ўзбекистонлик профессионал боксчи Исроил Мадримов навбатдаги жангини жорий йилнинг декабрь ойида ўтказиши мумкин. Бу ҳақда “Boxingnews 24” ёзмоқда.
Мадримовнинг промоутери Эдди Ҳирннинг айтишича, Турки Аль аш-Шейх 21 декабрь куни Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳридаги “Kingdom Arena” мажмуасида ташкил этиладиган бокс оқшомида супер ярим ўрта вазн тоифасида WBA собиқ чемпиони Исроил Мадримов жанг қилишини хоҳлайди. Мазкур оқшомнинг марказий жанги украиналик Александр Усик ҳамда британиялик Тайсон Фьюри ўртасида кечади.
Промоутерга кўра, Турки унга ва Мадримовга қўнғироқ қилиб, “Мен сизларни 21 декабрга мўлжалланган кардда бўлишингизни истардим”, деб айтган.
Matchroom’нинг ижрочи директори Эдди Ҳирн Канело ва Кроуфорднинг эҳтимолий жанги ҳақида ҳам гапириб ўтди.
“Кроуфорд фақат Канело Алварес билан жанг қилмоқчи. Уни бошқа ҳеч ким қизиқтирмайди. Виржил Ортис билан жанг ҳам унга қизиқ эмас. Исроил Мадримовга ҳам реванш бермайди. Теренс аниқ Жарон Эннис билан жанг ўтказмайди. Яна ким бор? Себастьян Фундора? Йўқ, у катта даромад келтирадиган жангни хоҳлаяпти. Кроуфордни Сауль Альварес (Канело)дан бошқа жанглар қизиқтирмайди”, дейди Ҳирн.
Маълумот учун, вазн тоифасидан қатъи назар (P4P) рейтингига кириш учун ўзбекистонлик боксчи Исроил Мадримов 3 август куни АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳридаги 22 минг томошабин сиғимига эга “BMO Stadium” аренасида кечанинг марказий жангида америкалик Теренс Кроуфордга қарши рингга кўтарилди. Калифорния штатида ўтган бокс оқшомида Мадримов афсонавий Кроуфордга очколар (115-113, 115-113, 116-112) ҳисобига мағлуб бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Мадримов The Ring рейтингида афсонавий Кроуфорддан кейинги ўринни қайд этганди.