Исроил Ғазо аҳолисини атайлаб оч қолдирмоқда — БМТ
Олам
−
05 Март
3997Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоботчилари геноцидда айбланган Исроил блокададаги Ғазо сектори аҳолисини атайлаб очликда қолдираётганини билдирди. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги хабар берди.
БМТ вакиллари Исроил армиясининг гуманитар ёрдам олиб кетаётган юк машиналари ва ёрдам тарқатиш пунктларида кутаётган фаластинлик тинч аҳолига ҳужум уюштиргани ва камида 118 кишининг ҳаётига зомин бўлганини қоралади. Улар қамал остидаги Ғазода маҳаллий озиқ-овқат ишлаб чиқариш тизимининг йўқ қилинишини "оммавий қотиллик" деб атади.
“Исроил 8 октябрдан бери Ғазо секторида одамларни қасддан оч қолдирди, ҳозир эса тинч аҳоли ва гуманитар ёрдам карвонларига ҳужум қилмоқда”, дея таъкидлаган махсус маърузачилар.
БМТ вакилларининг баёнотига кўра, Исроил уларнинг координаталарини олдиндан олган бўлсада, инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган юк машиналари карвонларига қайта-қайта ўт очган. Тель-Авив халқаро ҳуқуқий мажбуриятлар ва Халқаро суднинг вақтинчалик чеклов чоралари ҳақидаги қарорларига риоя қилмаган ҳолда “даҳшатли жиноятлар” қилишда давом этмоқда.
Шунингдек, назорат пунктларида юкларни тўсиб қўйиш, гуманитар ёрдам колонналарига ҳужум қилиш ва гуманитар ёрдам сўраб келаётган тинч аҳолига қарата ўт очиш орқали Исроил Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини мунтазам равишда чеклагани қайд этилди.
БМТ маърузачилари Ғазо аҳолиси орасида мисли кўрилмаган очликнинг тез тарқалишидан хавотирда эканликларини таъкидлаб, эксклавда кенг тарқалган очарчилик хавфи ҳақида огоҳлантиришлар бир неча ой олдин янграганини эслатди.
“БМТ вакиллари Тель-Авивнинг халқаро инсонпарварлик қонунчилигини бузишига чек қўйиш учун Исроилга қарши қурол эмбаргоси ва санкцияларни жорий этишга чақирди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 29 февраль куни Исроилнинг Ғазо секторида гуманитар ёрдам кутаётган фаластинликларга ҳужум қилгани оқибатида 100 дан ошиқ одам ҳалок бўлганди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши эса АҚШнинг қаршилиги сабаб мазкур ҳолат учун Исроил ҳарбийларини айблаган баёнотни қабул қила олмади. 3 март куни Исроил ҳарбийлари Ғазо сектори марказида гуманитар ёрдам олиб кетаётган машинага зарба берди, оқибатда 9 киши ҳалок бўлди. БМТдаги танқидлар фонида эса Исроил халқаро ташкилотдаги доимий вакили Гилад Эрданни “зудлик билан маслаҳатлашиш учун” чақириб олди.
Сарвар Хуррамов
LiveБарчаси