АҚШ яна БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Исроилни қоралашига йўл қўймади
Олам
−
01 Март
5132БМТ Хавфсизлик Кенгаши АҚШнинг қаршилиги сабаб Ғазо шаҳри яқинида озиқ-овқат ва бошқа гуманитар ёрдамлар етказилишини кутаётган одамларнинг ўлимида Исроил ҳарбийларини айблаган баёнотни қабул қила олмади. Бу ҳақда “The Times of Israel” хабар берди.
Фаластиннинг БМТдаги элчиси Риёд Мансурнинг Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда ёпиқ йиғилишидан сўнг журналистларга маълум қилишича, кенгашнинг 15 аъзосидан 14 нафари Жазоир томонидан илгари сурилган баёнотни қўллаб-қувватлаган. Фақат АҚШ бунга қарши чиққан.
Ўз навбатида, АҚШнинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Роберт Вуд барча фактлар йўқлигини ва бу муаммо эканини айтган.
Унинг сўзларига кўра, қарама-қарши хабарлар мавжуд ва Қўшма Штатлар барча фактларни тўплашга ҳаракат қилмоқда.
“Анадолу” агентлигининг ёзишича, баёнот лойиҳасида содир бўлган воқеа юзасидан чуқур ташвиш билдирилган. Ҳужжат барча томонларни халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ, Ғазо секторидаги тинч аҳолини асосий хизматлар ва инсонпарварлик ёрдамидан маҳрум қилишдан тийилишга чақиради.
Лойиҳа муаллифлари шошилинч чоралар кўрилмаса, Ғазо секторининг 2,2 миллион кишилик бутун аҳолисига таъсир кўрсатадиган ўткир озиқ-овқат инқирози хавфи ҳақида огоҳлантирган.
Хавфсизлик Кенгаши аъзолари Исроилни Ғазога гуманитар ёрдам оқимини осонлаштириш учун ўтиш жойини ёпмасликка чақирган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 29 февраль куни Исроилнинг Ғазо секторида гуманитар ёрдам кутаётган фаластинликларга ҳужум қилганди. Исроил зарбаси оқибатида ҳалок бўлганлар сони 112 кишига етди.
LiveБарчаси