Исроил гуманитар ёрдам кутаётган фаластинликларга зарба берди. Юздан ортиқ одам ҳалок бўлди
Олам
−
01 Март
7647Кеча, 29 февраль куни Ғазо шаҳри жануби-ғарбида озиқ-овқат ёрдамини кутаётган юздан ортиқ фаластинлик Исроил ҳужуми оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий соғлиқни сақлаш расмийларига таяниб, “Al Jazeera” хабар берди.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, зарбалар оқибатида камида 104 киши ҳалок бўлган, 750 дан ортиқ киши жароҳатланган.
Одамлар ун ташувчи юк машиналари кетаётгани тахмин қилинган Ал-Рашид кўчасида тўпланган. “Al Jazeera” ўнлаб ҳалок бўлганларнинг жасадлари ва яраланган фаластинликлар тез ёрдам машиналари ҳудудга етиб бора олмагани учун бошқа транспорт воситаларига ортилганини кўрсатувчи видеолавҳаларни намойиш этди.
“Биз ун олишга бордик. Исроил армияси бизга қарата ўқ узди”, дейди воқеа гувоҳларидан бири.
Гувоҳларнинг айтишича, Исроил ҳужумларида ярадор ва ўликларни олиб кетаётган тиббий гуруҳлар ва тинч аҳоли ҳам нишонга олинган.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги воизи Ашраф ал-Қудранинг билдиришича, ҳалок бўлганлар ва ярадорлар Ғазо шаҳридаги шифохоналарга етказилган.
"Тиббий гуруҳлар чекланган ресурслар билан жиддий ҳолатлар билан шуғулланишда давом этмоқда", дейди у.
Ўз навбатида, Ғазо ҳукумати Исроилнинг Ғазо шаҳрида тинч аҳолига уюштирган ҳужумини “қасддан ва олдиндан режалаштирилган” деб атади.
“Босқинчи армия бу одамларнинг минтақага гуманитар ёрдам учун келганини билар эди, бироқ уларни совуққонлик билан ўлдирди”, дейилади хабарда.
Бироқ Исроил томони воқеаларнинг бошқача версиясини тақдим этмоқда. Исроил томонига кўра, гуманитар ёрдам тарқатиш вақтида юз берган тиқилинч оқибатида ўнлаб ғазоликлар ҳалок бўлган.
“Эрта тонгда гуманитар ёрдам юк машиналари Ғазо сектори шимолига кириб келганида, аҳоли юк машиналарини ўраб олиб, етказиб берилаётган юкларни талон-торож қилишган”, дейилади ЦАХАЛнинг расмий Telegram-каналида эълон қилинган баёнотда.
Бироз вақт ўтгач, ЦАХАЛ ҳодисанинг ҳаводан олинган видеосини эълон қилди.
Исроил Бош вазири девони матбуот котиби Ави Хайман воқеани фожиа деб атади. Унинг иддаосича, тинч аҳолининг ўлимига айбдорлар оломон орасига борган юк машинаси ҳайдовчиларидир.
"Бир вақтнинг ўзида юк машиналари ҳаддан ташқари юк ортилган ва юк машиналарини бошқараётган одамлар – Ғазо секторидан келган фуқаро ҳайдовчилар – оломонни ҳайдаб кетишган ва охир-оқибат ўнлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган”, дейди Хайман.
Унинг сўзларига кўра, ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Маълумот учун, Исроил армияси 146 кундан бери Ғазо секторидаги ҳужумларини давом эттириб, тинч аҳоли пунктлари, шифохоналар, мактаблар ва кўчирилган фаластинликлар яшайдиган бошпаналарни нишонга олиб келмоқда.
LiveБарчаси