Исроил Байден чизган чизиқдан чиқдими?

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари маъмурияти жорий йилнинг 26 май куни Рафаҳдаги чодир лагерида ўнлаб фаластинликларнинг ўлимига сабаб бўлган Исроил мудофаа кучларининг зарбаси АҚШ Президенти Жо Байденнинг қизил чизиғини бузган ёки йўқлигини текширмоқда. Бу ҳақда “Axios” портали ўз манбаларига таяниб хабар берди. 

Портал таъкидлаганидек, зарбадан бир неча кун олдин Оқ уй ходимлари Исроилнинг кўп сонли тинч аҳоли қурбонларига йўл қўймаслик учун Рафаҳда ҳарбий операция ўтказиш режаларига сезиларли таъсир кўрсата олганига ишончи комил эди. Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ўтган ҳафта Исроилдаги яҳудий ҳукуматининг юқори мартабали амалдорлари билан бўлажак Рафаҳ операциясини муҳокама қилди. “Axios” манбасига кўра, Вашингтон маъмуриятининг кўплаб хавотирлари Исроилнинг Рафаҳ бўйича қайта кўриб чиқилган режаларида ҳисобга олинган. Салливан операцияни қизил чизиқни кесиб ўтмасдан амалга ошириш мумкинлигига ишонди. Портал манбасининг қўшимча қилишича, Рафаҳга зарба бериш Байденга Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларига нисбатан сиёсатини ўзгартириш учун сиёсий босимни кучайтириши мумкин. 

Воқеага изоҳ берар экан, Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши вакили журналистларга Исроил расмийлари Ғазо сектори тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўришга мажбур эканини айтди. Унинг қўшимча қилишича, АҚШ ўз иттифоқчилари билан биргаликда зарба оқибатларини баҳоламоқда.

Эслатиб ўтамиз, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам Исроилнинг Рафаҳга ҳужумини қоралаганди. 

27 майга ўтар кечаси Исроил ҳарбийлари Рафаҳга зарба берди. Тал ас-Султон ҳудудидаги БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш ва ишлар агентлигининг Яқин Шарқдаги омбори ёнида ўрнатилган чодир лагерига камида саккизта ракета билан ҳужум қилинди. 

Чодирлар шаҳарчасида ёнғин содир бўлди. Фаластиннинг WAFA агентлиги тақдим этган сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида камида 45 киши ҳалок бўлган, қурбонларнинг аксарияти аёллар ва болалардир. Исроил мудофаа кучлари матбуот хизмати Бош штабнинг фактларни аниқлаш аппарати Рафаҳ ҳужуми ҳудудида тинч аҳолининг ўлими ҳолатларини текширишни бошлаганини маълум қилди. 

24 май куни Халқаро жиноий суд Жанубий Африканинг даъвосига жавобан қарор қабул қилди, унга кўра Исроил Рафаҳдаги ҳужумни ва шаҳар аҳолисига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа ҳаракатларни тўхтатиши керак. Суд, шунингдек, Исроил томонини Фаластин аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун Рафаҳ назорат пунктини очиқ қолдиришга мажбур қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Исроил Жо Байден Ғазо сектори Рафаҳга ҳужум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг