Гутерриш Исроилнинг Рафаҳга берган зарбасини қоралади
Олам
−
28 Май
1951БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Исроил армиясининг Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳридаги чодир лагерига уюштирган ва ўнлаб фаластинликларнинг ҳаётига зомин бўлган зарбасини қоралаб, зўравонликларни тўхтатишга чақирди.
“Мен бу ҳалокатли можарода бошпана излаётган кўп сонли бегуноҳ фуқароларнинг ўлимига олиб келган Исроилнинг ҳаракатларини қоралайман. Бу даҳшат тўхтатилиши керак”, деб ёзди у Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Жаҳон ташкилоти раҳбари Ғазода бирорта ҳам хавфсиз жой қолмаганини қўшимча қилган.
27 майга ўтар кечаси Исроил ҳарбийлари Рафаҳга зарба берди. Тал ас-Султон ҳудудидаги БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш ва ишлар агентлигининг Яқин Шарқдаги омбори ёнида ўрнатилган чодир лагерига камида саккизта ракета билан ҳужум қилинди.
Чодирлар шаҳарчасида ёнғин содир бўлди. Фаластиннинг WAFA агентлиги тақдим этган сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида камида 45 киши ҳалок бўлган, қурбонларнинг аксарияти аёллар ва болалардир. Исроил мудофаа кучлари матбуот хизмати Бош штабнинг фактларни аниқлаш аппарати Рафаҳ ҳужуми ҳудудида тинч аҳолининг ўлими ҳолатларини текширишни бошлаганини маълум қилди.
24 май куни Халқаро жиноий суд Жанубий Африканинг даъвосига жавобан қарор қабул қилди, унга кўра Исроил Рафаҳдаги ҳужумни ва шаҳар аҳолисига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа ҳаракатларни тўхтатиши керак. Суд, шунингдек, Исроил томонини Фаластин аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун Рафаҳ назорат пунктини очиқ қолдиришга мажбур қилди.