Исроил Ал-Ақсо масжидида жума намозини бекор қилди

Олам

image

Исроил расмийлари Эрон билан давом этаётган ҳарбий можаро сабаб Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида жума намозини бекор қилди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди. 

Маълум қилинишича, жума куни Қуддуснинг Эски шаҳридаги барча муқаддас жойлар – Ал-Ақсо масжиди, Ғарбий девор ва Муқаддас қабр черкови ибодат қилувчилар ҳамда зиёратчилар учун ёпиқ бўлади.

Фуқаролик маъмурияти раҳбари бригада генерали Ҳишам Иброҳимнинг айтишича, бу қарор Эрон томонидан Исроил ва минтақага қарши жавоб зарбалари берилиши эҳтимоли сабаб хавфсизлик нуқтаи назаридан қабул қилинган.

Исроил ва АҚШ аввалроқ Эронга қарши ҳарбий ҳужум бошлаган эди. Эроннинг жавоб ракета зарбалари оқибатида Исроилда 10 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Исроил ва АҚШ ҳужумлари оқибатида эса камида 1230 киши қурбон бўлгани хабар қилинган.

Уруш бошланганидан бери Исроил ҳукумати Қуддуснинг Эски шаҳрига киришни ҳам кескин чеклаган. Ҳудудга асосан фақат маҳаллий аҳоли ва дўкон эгалари кириши мумкин.

Ал-Ақсо масжидининг юқори мартабали имоми Шайх Икрима Сабри эса бу қарорни танқид қилиб, Исроил Ал-Ақсо масжидини ёпиш учун ҳар қандай имкониятдан фойдаланаётганини айтган.

Ал-Ақсо мажмуаси мусулмонлар учун Макка ва Мадинадан кейинги учинчи муқаддас маскан ҳисобланади. Мажмуа Иордания томонидан бошқарилади, бироқ унга кириш ҳозирда Исроил хавфсизлик кучлари назоратида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил полицияси Ал-Ақсо масжиди имомини ҳибсга олганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Ал-Ақсо Исроил Шарқий Қуддус

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг