Исроил ҲАМАСнинг ҳужум режасини бир йил олдин билган – NYT
Олам
−
01 Декабрь 2023
7276Исроил разведка хизматлари ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужумидан бир йил олдин бу режадан хабар топган. Бу ҳақда тегишли ҳужжатга таяниб, бугун, 1 декабрь куни “The New York Times” хабар берди.
Нашрга кўра, “Иерихо девори” код номини олган ҳужжат 40 га яқин саҳифани ўз ичига олган. Унда 7 октябрь куни ҲАМАС томонидан амалга оширилган ҳаракатлар аниқ тасвирланган.
NYT томонидан кўриб чиқилган ҳужжатда ҳужумнинг аниқ санаси кўрсатилмаган, бироқ унинг батафсил тавсифи, жумладан, Ғазо сектори атрофидаги истеҳкомларнинг вайрон қилиниши, Исроил шаҳарларининг қўлга киритилиши ва муҳим ҳарбий базаларга бостириб кирилиши ҳақида ёзилган.
Нашрнинг қайд этишича, ҲАМАС бу режани “ажойиб аниқлик билан” амалга оширган. Ҳужжатда ҳужум бошланишидаги ракета отишмалари, кузатув камераларини ўчириш учун дронлардан фойдаланиш, чегара бўйлаб автоматик пулемётларнинг ишлаши, сўнгра жангчиларнинг парапланлар, мотоцикллар орқали ва пиёда Исроилга оммавий бостириб кириши тасвирланган. Буларнинг барчаси 7 октябрь куни содир бўлди.
“Ҳужжат Исроил ҳарбийлари ва разведка раҳбарлари орасида тарқалди, бироқ улар бундай миқёсдаги ҳужум ва бундай амбицияларни ҲАМАСнинг имкониятларидан ташқарида, деб ҳисоблади”, дейилади хабарда.
Ҳужжатни Бош вазир Биньямин Нетаньяху ёки бошқа юқори сиёсий раҳбарлар кўрган-кўрмагани номаълум. Ўтган йили ҳужжатни олганидан кўп ўтмай, Ғазо секторидаги чегарани қўриқлаш учун масъул бўлган Исроил ҳарбий бўлинмаси вакиллари ҲАМАСнинг ниятлари “ноаниқ” эканини айтган.
“Режа тўлиқ қабул қилинганми ва у қандай амалга оширилишини аниқлашнинг ҳозирча имкони йўқ”, дейилади нашр кўриб чиққан ҳарбий экспертларнинг муносабатида.
Ҳужумлардан уч ой олдин, шу йилнинг июль ойида, Исроилнинг разведка агентлиги фахрий таҳлилчиси ҲАМАС режада кўрсатилганига ўхшаш интенсив машғулотлар ўтказгани ҳақида огоҳлантирган. Аммо газета томонидан топилган шифрланган электрон почта хабарларига кўра, Ғазо хавфсизлик бўлимининг полковниги унинг хавотирларини йўқ қилган.
Исроил расмийлари эндиликда, агар ҳарбийлар огоҳлантиришларга жиддий ёндашиб, жанубга қўшимча кучлар юборганида, Исроил ҳужумларни юмшатиши ёки ҳатто уларни олдини олиши мумкинлигини алоҳида тан олади.
ҲАМАСнинг юқори мартабали расмийси Али Баракнинг айтишича, улар 7 октябрь куни бўлиб ўтган ҳужум пайтида Исроилнинг кўпроқ қаршилик кўрсатишини кутган. Фаластин ҳудудларини кузатаётган ЦАХАЛнинг аёллар бўлинмалари вакиллари ҳужумнинг бунчалик шиддатли бўлганига уларнинг ҳужум олдидан ҲАМАСнинг шубҳали ҳаракатлари ҳақидаги огоҳлантиришларига қўмондонлик томонидан эътибор берилмагани сабаб бўлганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, Яқин Шарқдаги вазият 7 октябрь куни ҲАМАС “Ал-Ақсо тўфони” операциясини бошлаганини эълон қилгач, Ғазо секторидан Исроилга минглаб ҲАМАС кучлари кириб келганидан кейин кескинлашганди. Бунга жавобан Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху мамлакат уруш ҳолатида эканини маълум қилди.
Исроил "Темир қиличлар" операциясини бошлади. Операциянинг биринчи куниданоқ Исроил Ғазо секторига йирик ракета ҳужумларини амалга оширди. Исроил Миллий хавфсизлик кенгаши секторга сув, озиқ-овқат, товарлар, электр энергияси ва ёқилғи етказиб беришни тўхтатишга қарор қилди. Ғазога гуманитар ёрдам етказиб бериш фақат 20 октябрдан кейин Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти орқали амалга оширила бошланди ва уларнинг ҳажми етарли эмас, деб баҳоланмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь