Испаниядаги тошқин қурбонлари сони 200 дан ошди
Олам
−
01 Ноябрь
1681Испаниянинг Валенсия автоном ҳамжамиятида кучли ёмғир ва тошқинлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 202 кишига етди. Бу ҳақда Валенсия Фавқулодда вазиятларни мувофиқлаштириш маркази хабар берди.
“Ҳозирги маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар сони 202 кишини ташкил этмоқда. Жасадларини топиш ва шахсини аниқлаш жараёни давом этяпти”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, кучли ёмғирлар туфайли жабр кўрган ҳудудларга ёрдам бериш учун қўшимча 500 ҳарбий хизматчи юборилган. Табиий офатлар Валенсиянинг йўл инфратузилмасига жиддий зарар етказган, оқибатда 60 дан ортиқ йўллар ёпилган.
“Bloomberg” нашрига кўра, глобал исиш Испанияда кузатилган кучли тошқинларнинг асосий сабаби ҳисобланмоқда. Иқлим ўзгаришининг экстремал об-ҳаво ҳодисаларига таъсирини ўрганадиган World Weather Attribution (WWA) ташкилоти минтақада кучли ва қисқа муддатли ёмғирларнинг сони кўпаяётганини қайд этган.
Маълумотларга кўра, Валенсияда ёғингарчилик даражаси 1850-1900 йилларга қараганда 12 фоизга кучлироқ ва икки баравар кўпроқ. Мутахассислар бу ўзгаришларни Ўрта ер денгизи минтақасидаги ҳавонинг рекорд даражадаги юқори ҳарорати билан боғламоқда. WWA маълумотларига кўра, экстремал ва вайронакор бўронлар яқин келажакда янада тез-тез содир бўлиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Испанияда сув тошқинлари сабаб ҳалок бўлганлар сони 158 кишига етгани хабар қилинган эди. Қурбонларнинг аксарияти мамлакатнинг шарқий қисмидаги Валенсия ҳудудида қайд этилган. Шунингдек, марказий Кастилия-Ла-Манча ва жанубий Андалусия ҳудудларида ҳам ўлим ҳолатлари кузатилган. 31 октябрь куни бутун мамлакат бўйлаб уч кунлик мотам эълон қилинган.