Каталонияни сув босди. Қурбонлар бор (видео)
World
−
18:31 423 1 minute
Испаниянинг Каталония минтақасида кучли ёмғирлар ва сув тошқинлари оқибатида икки киши ҳалок бўлди, яна бир киши бедарак йўқолди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Барселонанинг шимолидаги Тордера шаҳрида девор қулаб тушиши оқибатида бир киши ҳалок бўлган. Яна бир ўлим ҳолати Монтонес-дель-Валлес шаҳрида қайд этилган. Шунингдек, Барселонадан 52 километр шимолда жойлашган Пинеда-де-Мар шаҳрида бедарак йўқолган кишини қидириш ишлари олиб борилмоқда.
Каталония расмийлари кучли ёғингарчилик сабаб қизил даражадаги хавф огоҳлантиришини эълон қилган. Аҳолига 3 октябрь куни соат 20:00 дан 4 октябрь куни 14:00 гача уйларини тарк этмаслик тавсия этилган. Метеорологлар минтақада “мини довул” юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Кучли ёмғирлар Барселона яқинидаги Белвитге ва Корнелья ҳудудларида уйларни сув остида қолдирган, автомобилларни сув босган. Шаҳардаги автомобиль йўлларида ҳам катта миқдорда сув тўпланган. Ноқулай об-ҳаво сабаб Барселона аэропортида рейслар бекор қилинган ёки кечиктирилган. Маҳаллий поездлар қатнови тўхтатилган, дўконлар одатдагидан эртароқ ёпилган.
Шунингдек, футбол учрашувлари бекор қилинган, Барселонадаги Лисеу опера театрида Жузеппе Вердининг “Аида” операси намойиши ҳам ўтказилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Таиландда давом этаётган сув тошқинлари оқибатида 40 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.