Испания Нетаньяхуни ҳибсга олади
Олам
−
28 Ноябрь
1308Испания Ташқи ишлар вазири Хосе Мануэль Албарес мамлакат расмийлари Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху қиролликка келса, уни ҳибсга олиш учун Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) ордерини ижро этишини аниқ айтди. Бу ҳақда “El País” хабар берди.
“Мен сиёсий фантастика билан шуғулланишни ёқтирмайман, лекин мен буни жуда аниқ айтдим: ХЖC Рим статутига эга, у бир қатор мажбуриятларни ўз ичига олади ва биз қонун томонидан юкланган барча мажбуриятларга риоя қиламиз. Бизнинг позициямиз жуда аниқ: биз Испаниянинг мажбуриятларини ҳурмат қиламиз”, деди вазир.
Маълумот учун, 21 ноябрь куни ХЖC Бош вазир Биньямин Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни “ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар”да ҳибсга олиш учун ордер берди. Баъзи давлатлар, хусусан, Венгрия, Австрия, Чехия ва Германия ХЖC қароридан норозилигини билдириб, унга риоя қилмасликлари мумкинлиги ҳақида баёнотлар берди. Франция ҳам Халқаро жиноий суд қарорига қарамай, Нетаньяхуни мамлакат ҳудудида ҳибсга олинмаслигини билдирди. АҚШ ҳам ХЖС қарорини қоралади. Кремль воизи Дмитрий Песков эса ХЖС ҳаракати бирор нарсага ёрдам бериши даргумон эканини айтди.
Ўз навбатида, Буюк Британия, Канада ва Нидерландия агар Биньямин Нетаньяху мамлакат ҳудудига келса, уни Халқаро жиноий суд ордери бўйича ҳибсга олишини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати олий вакили Жосеп Боррель Халқаро жиноий суднинг Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер бериш қарорини қўллаб-қувватламаган давлатларни ҳукмни ҳурмат қилишга чақирган ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар суд қарорини бажаришга мажбур эканини айтганди.